Эски Фолксвагендан хонадон жиҳозлари

Эски Фолксвагендан хонадон жиҳозлари

Ҳеч нарсага ярамайдиган буюмларнинг иккинчи умрини бошлаб бериш, яъни бошқа фойдали буюмга айлантириш Upcycling деб аталади. Буни британиялик дизайнер ва телебошловчи Макс МакМердо амалда яна бир бор намойиш қилди. Атиги 700 фунт-стерлингга (минг долларча) 1974 йилда ишлаб чиқарилган Volkswagen Beetle автомобилини сотиб олди. Шалағи чиққан машинани тиклашга уринмади, балки ундан хонадон жиҳозлари ясашга киришди.

Лойиҳа номини дизайнернинг ўзи Beetlemania деб атади. Унда машина жиҳозларидан 25 турдаги хонадон буюми ясалган. Масалан, автомобиль тутунчиқаргичидан стол лампаси, орқа ўриндиқлардан диван, спидометридан соат қайта ясалган. Ижодий ёндашилган буюмлар ҳам бор, чунончи, газ чиқарув тизими қувурларидан деворга осиб қўйиладиган буғу шохи ясаган.

“Биз одамларга ҳар нарсадан, ҳаттоки, яроқсиз Фолксвагендан ҳам сифатли буюм ясаш мумкинлигини кўрсатмоқчимиз. Бу лойиҳа имкониятларни рўёбга чиқаришнинг ажойиб усули бўлиб, кишилар ижодкорлигини намоён этишига ёрдам беради, ўз қўли билан бирор-бир нарса ясашга туртки беради”, дейди Макс МакМердо.

Айтганча, бу буюмлар чиройли бўлгани билан қоринни тўйдирармиди, деб ўйламанг. Бу ишдан пул топса бўлади. Масалан, Фолксваген Жук минг доллар турса, ундан ясалган буюмлар нархи 7200 долларга кўтарилди. Тўғри, дизайнер МакМердо фойдани чўнтагига урмоқчи эмас. Тушган маблағ Замбия болаларига эҳсон тариқасида The Butterfly Tree хайрия жамғармасига ўтказилади.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"