Фотогалерея: Хитойнинг 2016 йилдаги энг харидоргир машиналари

Фотогалерея: Хитойнинг 2016 йилдаги энг харидоргир машиналари

Автомобиль ишлаб чиқарувчилари Хитой бозорининг муҳимлигини яхши билади. Шу сабабли бу ерда бошқа ҳеч қаерда учрамайдиган машиналарни кўриш мумкин. Daryo.uz нашри 2016 йилда Хитой аҳолиси орасида энг харидоргир автомобиллар ҳақида маълумот берди.

15-ўрин – Wulling Sunshine Pickup

Арзонгина ва катта бўлмаган юк машинаси 2015 йилга нисбатан сотилиш кўрсаткичини 4,6 фоизга оширди. 2016 йилда 3 цилиндрли машинанинг 201 489 таси сотилган.

14-ўрин – Volkswagen Santana

Volkswagen Santana Вольфсбургдаги заводда Хитой бозори учун махсус ишлаб чиқарилган. 2016 йилда Хитойда 222 256 та Volkswagen Santana сотилган. Бу 2015 йилги нисбатан 1,4 фоиз камроқ.

13-ўрин – Ford Escort

Ford Escort Хитойда 2014 йилдан буён сотиб келинади. 2015 йилда ушбу машинанинг 167 205 таси сотилган бўлса, 2016 йилда ушбу кўрсаткич 224 450 тани ташкил этди. Сотувлар ҳажми 34,2 фоизга ошди.

12-ўрин – Volkswagen Sagitar

Volkswagen Sagitar Хитойда «қариндоши» Santana’дан кўра анча машҳур. 2016 йилда хитойликлар ушбу машинанинг 251 627 тасини харид қилган. 2015 йилга нисбатан савдо ҳажми 11,9 фоизга ошган.

11-ўрин – Baojun 730

Номи хитойча бўлишига қарамай, Baojun – GM корпорациясининг маҳсулоти саналади. 730 модели эса компаниянинг энг яхши сотиладиган машиналаридан бири. 2016 йилда Baojun 730 моделининг 255 128 таси сотиб олинган.

10-ўрин– Baojun 560

Baojun’нинг яна бир хитларидан бири – 560 кроссовери. Унинг капоти остида 137 от кучига тенг 1,8 литрли мотор турибди. 2016 йилда 257 705 та Baojun 560 Хитойда ўз эгаларини топди. 2015 йилга нисбатан савдо ҳажми нақд 219,2 фоизга ошган.

9-ўрин – GAC Trumpchi GS4

Мазкур автомобиль дебюти 2015 йили Детройтда бўлиб ўтган. Baojun 560 сингари GAC Trumpchi GS4 ҳам 2015 йилдан Хитой бозорига кириб келди. Ўша йилнинг ўзида 83 581 та Trumpchi сотилган бўлса, 2016 йилда бу кўрсаткич 257 979 тани ташкил этди.

8-ўрин – Nissan Sylphy

Қаршингизда Nissan Sentra, аммо Хитойда у бошқача номланади. 2016 йилда Nissan Sylphy’нинг 273 693 таси сотилган. Бу 2015 йилги кўрсаткичга нисбатан 7,4 фоизга кўпроқ демакдир.

7-ўрин – Toyota Corolla

Toyota Corolla Ер сайёрасида энг кўп сотиладиган автомобиль саналади. Аммо Хитойда ушбу машина фахрли 7-ўринни эгаллади. 2016 йили Хитойда Corolla’нинг 282 666 донаси сотилган.

6-ўрин– Volkswagen Jetta

Қизиқ, Volkswagen Jetta – бу ўша Santana’нинг ўзи, аммо бироз ихчам варианти. Шу сабабли, унга бўлган эҳтиёж ҳам кўпроқ. 2015 йилда Jetta’нинг 222 222 нусхаси сотилган бўлса, 2016 йилда ушбу кўрсаткич 31,3 фоизга ошди ва 291 773 тани ташкил этди.

5-ўрин – Hyundai Elantra

2016 йилда Hyundai Elantra’нинг 302 043 таси сотилиб, аввалги кўрсаткичга нисбатан 17,8 фоизга ошганига қарамай, ушбу модель бир йил олдинги 5-поғонасида қолиб кетди.

4-ўрин – Buick Excelle GT

Хитойда 2016 йили Buick Excelle GT моделининг 306 487 донаси сотилди. Сотилиш ҳажми 2015 йилги кўрсаткичга кўра 37,9 фоизга ошган.

3-ўрин – Haval H6

Хитойда сотилиши бўйича «бронза медали» Haval H6 автомобилига насиб қилди. 2016 йилда мазкур моделнинг 410 770 донаси сотилган ва сотиш ҳажми аввалги йилга нисбатан 41,5 фоизга ортган.

2-ўрин – Wuling Hongguang

«Кумуш медаль» Wuling Hongguang автомобилига тегишли бўлди. 2015 йилда мазкур автомобилнинг 500 226 таси сотилган, аммо 2016 йилда ушбу кўрсаткич 12,3 фоизга пасайиб, 438 630 тани ташкил этди.

1-ўрин – Volkswagen Lavida

Хитойда 2016 йилда энг кўп сотилган автомобиль – Volkswagen Lavida. Йил мобайнида Lavida’нинг 450 110 донаси сотилган.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.