Genesis бешта янги модель чиқаради

Genesis бешта янги модель чиқаради

Ҳашаматли автомобиллар ишлаб чиқаришга ихтисослашган ва ҳуқуқлари Hyundai’га тегишли бўлган Genesis русуми яқин тўрт йил ичида бешта янги модель чиқаришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда автомобиль ишлаб чиқарувчининг 2020 йилга қадар мўлжалланган режасида сўз боради, дея хабар бермоқда The Korean Car Blog.

Genesis 2017 йилга қадар иккита — ўрта ҳажмли ва компакт седанни ишлаб чиқишни мақсад қилган. Биринчисининг номи G80, иккинчисиники эса G70 бўлади. 2017—2020 йиллар оралиғида бренд қаторида купе, шунингдек, иккита кроссовер пайдо бўлади. Мазкур моделларнинг номи ҳозирча сир сақланмоқда.

Genesis’нинг биринчи ва ҳозирча ягона ҳисобланган модели — ҳашаматли G90 седани бўлиб, Корея бозорида EQ900 номи билан сотилади. Узунлиги бўйича сўнгги авлод BMW 7-Series’дан каттароқ бўлган тўрт эшикли машинага қуввати 315 от кучидан 425 от кучигача бўлган бензинли уч хил мотор ўрнатилади.

Тахминларга кўра, Genesis’нинг кучайтирилган версиялари пайдо бўлади. Хусусан, улардан бири BMW M4’га рақобатчи бўлади ҳамда ҳажми 3,3 литрли твин-турбо двигатель билан таъминланади. Мазкур моделлар устида Hyundai’нинг N Performance номли махсус бўлинмаси шуғулланади.

Carzone.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!

Аравакаш Жимми

Жимми — ҳинд фильмлари ихлосманди. Араваларга эса ҳинд фильмларидан ҳам кўпроқ қизиқади. Айниқса, электр токида ҳаракатланувчи ва ўзиюрар машиналар ҳақида ўқиш ва ёзиш — Жиммининг жону дили! Ўзи мутолаа қилган хабар-мақолаларнинг энг сараларини сизга ҳам илинади.