Ҳайдовчилик гувоҳномасига ўқиш учун ҳали ҳам кеч эмас, кейин ҳар қанча эътироз қилманг, бефойда бўлади

Ҳайдовчилик гувоҳномасига ўқиш учун ҳали ҳам кеч эмас, кейин ҳар қанча эътироз қилманг, бефойда бўлади

Янги тизимда ҳайдовчиликка ўқиётганларнинг дарсларга қатнашиш давоматидан тортиб, ички имтиҳонлар ва якуний синовларгача бўлган барча жараёнлар инсон омилисиз, автоматик тарзда назорат қилинади. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасига таяниб kun.uz хабар бермоқда.

Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш истагидаги фуқароларга мурожаат билан чиқди.

Унда айтилишича, фуқаролар ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун белгиланган ёш меъёрларига риоя қилган ҳолда, ҳайдовчиларни тайёрлаш фаолияти билан шуғулланувчи таълим муассасаларига исталган вақтда бориб, шартнома тузиб ўқиши мумкин.

“Аммо ўқиш вақтида машғулотларга қатнашмасдан, ўқимасдан вақт ўтказиш эндиликда ўзингизга зарар. Чунки, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 4 майдаги 272-сон қарорига мувофиқ, эндиликда ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун топшириладиган назарий ва амалий имтиҳонлар тадбиркорлик субъектлари томонидан инсон омили чекланган, автоматлаштирилган автодромда ва имтиҳон олиш хоналарида ўтказилиши йўлга қўйилмоқда.

Ушбу тизим инсон омили тўлиқ чекланган, автоматлаштирилган дастур ёрдамида ҳайдовчиликка номзодларнинг ўқув муассасасига келиб кетишларини, дарсларда ва машғулотларда қатнашишларини, ички имтиҳонлардан ўтган ёки ўтмаганликларининг тўлиқ назоратини амалга ошириб, якуний назарий ва амалий имтиҳонларга рухсат беради.

Унутманг, имтиҳонлардан ўтиш учун биргина имкониятингиз бор – бу ҳам бўлса яхши ўқиш, йўл ҳаракати қоидаларини пухта ўзлаштириш ва автомототранспорт воситасини бошқаришни мукаммал ўрганишдир.

Керакли малакага эга бўлмасдан, коррупцион йўллар орқали ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш ҳақида ўйлаш эндиликда иложсиз ва нотўғри қарор эканлиги ҳақида огоҳлантирамиз.

Шуни инобатга олиб, яна бир бор ҳайдовчилик ҳуқуқини олиш масаласига жиддий эътибор қаратишингизни ва ўз устингизда доимий тарзда ишлашингизни, ҳайдовчиларни тайёрлаш фаолияти билан шуғулланувчи таълим муассасалари маъмуриятидан эса ўз ўқувчиларига йўл ҳаракати қоидаларини пухта ва амалий машғулотларда автотранспорт воситасини мукаммал бошқаришга ўргатишларини сўраймиз”, – дейилади мурожаатда.

Эслатиб ўтамиз, ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш учун имтиҳонлар автоматлаштирилган тизим орқали инсон омилисиз ўтказилади

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!