Hyundai икки эшикли ихчам кроссовер чиқармоқчи
Ҳиндистонда халқаро Auto Expo автосалонида Hyundai компанияси ўта кичик (субкомпакт), икки эшикли кроссовер нишона нусхасини (концепт) кўрсатди. Кроссовер дизайнини Hyundai студияси мутахассислари ишлаган. Ҳозирча, шартли Carlino номи билан аталаётган янги русум харидор таъбига ўтирса, кўп сонли ишлаб чиқариш бошланади.
Корейслар Карлинони ишлаб чиқарса, ҳиндлар Mahindra TUV300 ва Suzuki Vitara Brezza русумлари билан унга рақобатчи бўлади, чунки барчаси ихчам кроссовер турига мансубдир.
Бўлажак Hyundai Carlinoга бошқа мамлакатлар қизиқиш билдирса, фақат Ҳиндистон учун ишлаб чиқарилмайди. Масалан, Renaultнинг энг арзон автомобили, Kwid кичик хэтчбеки аввал ҳиндлар учун атаб чиқарилган, кейинроқ эса европаликлар унга мойиллик билдирган эди.