Hyundai янги русумининг расмий фотосурати ва видеоси эълон қилинди

Hyundai янги русумининг расмий фотосурати ва видеоси эълон қилинди

Hyundai компанияси IONIQ номли янги автомобилининг иккита расми ва видеоролигини расман намойиш этди. Автомобиль уч турдаги мотор билан жиҳозланади: электрли, бензинли-электрли (plug-in схемали гибрид) ва мумтоз гибрид двигателли.

Корейс автомобилсозлари биринчи бўлиб мумтоз турдаги IONIQ Hybrid русумини савдога олиб чиқишади. Унинг 4 цилиндрли бензинли двигатели бор, қуввати 103 от кучига тенг. Шунингдек, 43,5 от кучини етказиб берувчи электромотор ҳам ўрнатилади ва у литий-ионли аккумулятордан қувватланади.

Компаниядагилар хабарига кўра, Hyundai IONIQ кузовининг ўзига хос шакли ҳаво оқимини самарали тарзда кесади. “Фаол ва пассив аэродинамик компонентлари” туфайли аэродинамик қаршилик коэффициенти 0,24га тенг. Бу автобозордаги энг яхши кўрсаткичлардандир.

Hyundai IONIQ салонида Apple CarPlay ва Android Auto тизимларини қўлловчи мультимедиа тизими жойлашган. Бундан ташқари корейс машинасида инновацион хавфсизлик тизимлари бўлади. Масалан, автоматик шошилинч тормозлаш тизими, автомобилни полосада тутиб турувчи кўмакчи, еттита хавфсизлик ёстиқчаси ва ҳоказо.

Март ойида Женевадаги халқаро автосалонда Hyundai IONIQ намойиш этилиши мўлжалланган. Ҳозирги кунда кузатувчилар Hyundai IONIQ баҳосини 19 минг доллар атрофида чамалашмоқда.

Сайтимиз хабарларини Одноклассникидаги саҳифамизда кузатиб боринг!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"