Kia Rio асосида кроссовер яратилади

Kia Rio асосида кроссовер яратилади

Auto Express нашрининг хабар беришича, Kia компанияси 2017 йилда Rio хэтчбекининг европача версияси янги авлодини бозорга олиб чиқади. Мазкур хэтчбек янги кроссовер учун асос бўлиб хизмат қилади.

“Kia келгуси йилда бир нечта русумлар ишлаб чиқаради. Улар орасида янги Rio ва янги кроссовер бор”, деди KIAнинг Ғарбий Европа бўлинмаси раҳбари Жон Ким.

Янги автомобиль баланд ва кўркам қиёфали, юкхона ҳажми катта, тўла узатмали бўлади. Гибрид версияси дунё юзини кўриши ҳам эҳтимолдан холи эмас.

Янги кроссовер тўғрисида батафсил маълумот келтирилганича йўқ. Аммо гап Европа бозорига мувофиқлаштирилган KX3 русуми ҳақида кетаётган бўлиши ҳам мумкин. Бу русум Хитойда сотиляпти, Россияга ҳам кириб келиш эҳтимоли йўқ эмас. Ўлчамлари Hyundai Cretaники билан бир хил: 4280 х 1780 х 1630 мм ва ғилдираклар базаси 2590 мм.

Kia KX3 1,6 (125 о.к.) ва 2 (160 о.к.) литрли двигателларга эга. 6 поғонали механик ёки 6 поғонали автомат қути билан ишлайди. Шунингдек, 1,6 литрли 160 от кучига эга турбомоторли версияси ҳам ишлаб чиқарилади.

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"