Квадроцикл — мотоцикл эмас, автомобиль

Квадроцикл — мотоцикл эмас, автомобиль

Квадроцикл (лотинча “quadru” — “тўрт”, юнонча “ϰύϰλος” – “айлана”) тўрт ғилдиракли транспорт воситасидир. Собиқ Совет республикаларида квадроцикл деганда, кўпинча, тўрт ғилдиракли мотовездеход, АҚШда эса тўрт ғилдиракли велосипед тушунилади. Жаҳонда квадроцикл ишлаб чиқариш билан BRP, Polaris, Yamaha, Kawasaki, Suzuki, Arctic Cat, Stels, CF Moto, Irbis фирмалари шуғулланади.

Fantom

Fantom

Orange DX Limousine

Orange DX Limousine

Квадроциклларнинг трюкбоп ва хизматчи турлари мавжуддир.

Хизматчи туридан ўтиш қийин жойларда мотовездеход сифатида фойдаланилади. Улар хийла оғир, одам ташишга мослашган, ўтувчанлиги юқори бўлади. Тезлиги соатига 90 кмгача чиқади.

Трюкбоп квадроциклларнинг платформаси энсиз, бироқ ғилдирак изи кенг, ўтувчанлиги паст, вазни енгил бўлади. Тезлиги 137 км/соатгача (Жо Бёрд ўрнатган рекорд) чиқади.  Бироқ русумига қараб техник кўрсаткичлари асос версиясиникидан фарқли бўлишини айтиб ўтиш лозим.

Трюкбоп квадроцикл

Трюкбоп квадроцикл

1970 йилда Honda компанияси US90 номли уч ғилдиракли мотовездеход ишлаб чиқарди. US90 ўзида машинанинг рўзғорбоплиги ва мотоциклнинг манёврчанлигини мужассамлаштирган эди. Йирик ғилдираклари ерга яхши ёпишади. Шиддаткор қиёфали, ўтувчанлиги юқори. Квадроцикл тарихи шундан бошланади.

US90 трицикли

US90 трицикли

US90 трицикли Калифорниянинг соҳилбўйи қумлоқларида оммалашиб кетди. Мазкур транспортга талаб ошгани боис дарҳол авто ва мото ишлаб чиқарувчилар мотовездеход тайёрлашга тутинди. Кўп ўтмай тўрт ғилдиракли варианти яралди ва бугунгача қиёфаси деярли ўзгармай келмоқда.

Квадроцикл автомобилнинг “қариндоши” саналади ва уни мотоцикллар оиласига қўшмаслик керак.

Ўзбекистонда шаҳар ташқарисидаги дам олиш зоналарида, тоғ ёнбағирлари ва сув ҳавзаси соҳилида квадроциклни ижарага олиб сайр қилиш мумкин. Дарвоқе, қонунчилигимиз квадроциклга қандай муносабатда?

Ўзбекистоннинг янги таҳрирдаги йўл-ҳаракати қоидаларида двигателининг ишчи ҳажми 50 куб сантиметрдан каттароқ бўлган ёки энг юқори тезлиги соатига 50 км бўлган скутерлар, электр скутерлар ва квадроцикллар мотоциклларга тенглаштирилди.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"