Лазер нури билан самолёт учувчилари ишига халақит берганларга нисбатан қамоқ жазоси жорий қилинди

Лазер нури билан самолёт учувчилари ишига халақит берганларга нисбатан қамоқ жазоси жорий қилинди

Ўзбекистонда лазер нури билан самолёт учувчиларига ердан туриб халақит бериш учун жавобгарлик жорий қилинди. Тегишли ўзгартиришлар 25 апрель куни Ўзбекистон Президенти томонидан имзоланган қонун билан Жиноий ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга киритилди деб, «Газета.uz»га асосланган ҳолда Daryo.uz  хабар бермоқда.

Янги ўзгартириш ва қўшимчаларга мувофиқ, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 116-1 «Ҳаво кемаси эксплуатацияси чоғида лазер нури билан халақит бериш» моддаси билан тўлдирилди. Ушбу меъёрни бузганлик учун энг кам ойлик иш ҳақининг 100 дан 200 баробаригача миқдорда жарима ёки 15 суткагача маъмурий ҳибс жазоси кўзда тутилган, бунда ҳуқуқбузарлик ашёси мусодара қилинади.

Маъмурий жавобгарликка тортилганидан сўнг ҳуқуқбузарлик қайтадан содир этилса, ёхуд у оғир ёки ўрта даражадаги жисмоний жароҳатларни келтириб чиқарган бўлса, ҳуқуқбузар жиноий жавобгарликка тортилади. Жиноий кодексга янги киритилган 263-1 моддасига кўра, бундай ҳаракатни содир этган шахс 2 йиллик ахлоқ тузатиш ишларига ёки 3 ойлик ҳибсга тортилади.

Агарда лазер нури билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик ўлим ҳолатига олиб келса, 3 йиллик ахлоқ тузатиш ишлари ёки 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш кўзда тутилган. Ҳуқуқбузарлик инсонларнинг қурбон бўлишига, авиаҳалокатга олиб келса, жавобгар 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум этилади.

2014–2015 йилларда Ўзбекистонда лазер нурларининг самолётга тўғриланиши билан боғлиқ 16 ҳолат кузатилди. 2013 йил 1 мартидан лазерли кўрсаткич сифатида қўлланадиган портатив лазер ёриткичларини мамлакатга олиб кириш тақиқланди.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.