Машиналарни қурбақадек эзувчи бигфут — 2

Машиналарни қурбақадек эзувчи бигфут — 2

Икки ҳафта аввал бошлаган бигфут ҳақидаги мақоламизни давом эттирамиз.

Баҳайбат бигфутларни серияли пикаплар асосида ясаб бўлмайди, чунки пикап бунга дош беролмайди.

Бигфут, умуман олганда, серияли автомобилга ўхшамайди, уларнинг ҳар бири ўзига хос қиёфададир. Шунинг учун ҳар бирини алоҳида номлашади. Эгалари бигфутни ўз исмлари ёки севимли қаҳрамонлари номи билан аташни хуш кўради.

Бигфут рамаси пўлат ва хром-молибден қувурлардан тузилган. Унга икки ё уч амортизаторли (гоҳида, ҳар бир ғилдирагига тўрттадан) шасси маҳкамланади. Османинг вазифаси урилиш зарбаларини юмшатишгина эмас, ҳайдовчига тушадиган юкланишни бартараф этиш ҳамдир.

Бу фақат эркаклар автоспорти эмас. Аёллар ўртасида рестлинг бўйича собиқ чемпион Дебра Мичели бигфут бошқаришда эркаклардан қолишмаслигини намойиш этди. 2005 йилда бигфутларнинг Monster Jam танловида ўз мураббийсини енгиб нуфузли ўрин соҳибасига айланди.

Дебра Мичели бигфутлар оламига 1999 йилда кириб келган. “Grave Digger” номли баҳайбат бигфут муаллифи, Monster Jam танлови уч карра ғолиби Деннис Андерсон уни бу соҳага таклиф қилганди. 2001 йилда у ўз бигфутини ясаб, “Madusa” дея ном берган. Бир тарафдан бу “Made in the USA” бирикмасининг қисқартмаси бўлса, иккинчи тарафдан юнон афсоналаридаги Медуза тимсолини эслатади.

Бигфут тепадан сакраганда тумшуғи билан тушмаслиги учун мотори орқасига ўрнатилган. Бигфутсозлар 9,3 литрли V8 Ford моторларидан фойдаланишади. Қудратли мотор 1,5 минг от кучини беради, айлантириш моменти 1700 Н∙м. Айрим версиялари 2000 от кучига эга. Ёнилғи сарфи эса километрига 17 литргача етади. Дарвоқе, 2012 йилда Bigfoot компанияси электромоторли бигфут ишлаб чиқарди. Томоша қилинг:

Бигфутнинг ғилдиракларига алоҳида ишлов берилади. Унга қишлоқ хўжалиги техникаларининг диаметри 1,5 метрдан ортиқ бўлган ғилдираклари ўрнатилишидан олдин ғадир-будур қопламаси сидириб ташланади. Бундан мақсад – енгиллаштириш, аммо ҳар бир шинадан 100 кгга яқин қатлам шилиб олинганига қарамай, 300 кг атрофида тош босади. Асосий куч трансмиссияга тушиши табиий. Шунинг учун АҚШда 60 йил илгари фойдаланилган икки ёки уч поғонали автомат қутилар ишлатилади. Тузилиши содда бўлган эски трансмиссия такомиллаштирилади. Ғилдиракка моментни бақувват валлар ва редуктор узатиб беради.

Бигфут ҳайдовчилари шиддатли манёврларга тайёр бўлиши керак. 6 тоннали бесўнақай машина 10 метргача баландликка сакраши мумкин. 1999 йилда “Bigfoot 14” ердаги “Boeing 727” лайнери устидан 60 м баландликда сакраб рекорд ўрнатган. Бигфут сакраган ҳолатларда ҳазил кетмайди, баъзида ҳайдовчи мўлжалидан адашиб бошқа жойга тушиши ёки машина айланиб кетиши мумкин. Ҳаттоки, томошабинлар устига тушиб босиб қолган ҳолатлар юз берган.

Бигфутларнинг энг нуфузли мусобақаси Monster Jam саналади. Бу мусобақа пойга ва фристайлдан иборатдир. Пойга барчага тушунарли ўйин, фристайлда эса турли мураккаб операциялар бажариш талаб этилади. Мусобақа бошида бигфутчилар аренадаги тўсиқлар оша ўз маҳоратини намойиш этади. Бунда икки ғилдиракда юриши, трамплиндан сакраши, “қурбонлик” келтирилган енгил машиналарни эзғилаши, борингки, ўмбалоқ ошиши ҳам мумкин.

Энг зўр бигфутчилар ҳар йили Лас-Вегасда ўтказиладиган Monster Jam финалида иштирок этади. Мусобақани минглаб томошабин майдонда, миллионлаб томошабин эса жонли эфир орқали кўради. Ғолиб мўмай пул мукофотига сазовор бўлади.

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"