МАЗ Европа учун автобус ишлаб чиқармоқда

МАЗ Европа учун автобус ишлаб чиқармоқда

Поли паст МАЗ-203088 автобуси шаҳар ва шаҳар чети йўналишларида йўловчиларни ташиш учун мўлжалланган. Евро-6 талабларига жавоб беради.

Минск автозаводи матбуот хизмати автобус аввалбошдан Евроиттифоқ аҳолисига атаб чиқарилгани ва уларга мослаштириб ишланганини хабар қилди. МАЗ-203088га 320 от кучига эга Mercedes-Benz двигатели ва 6 поғонали ZF автомат қути ўрнатилган.

Салондаги қаттиқ конструкцияларнинг чети кенг алюминий профиллари билан ҳошияланган, қўл тутқичлари ва ўриндиқлари янгича қиёфададир. Шифт панели ҳаво тенг тақсимланишини таъминлайди. Пол ва ён деворлари қопламаси аввалги русумларникидан яхшироқ ишланган.

Автобусда салқинлатиш ва иситиш тизимлари бор. Тормоз узатмалари ва османи бошқаришнинг электрон тизимига ўтилиши автобус янада текис ҳаракатланишини таъминлайди. Барча электрон тизимларга ташхис қўйиш тармоғи мавжуд.

Автобус 95 йўловчини олади. Ўриндиқлари 26-30та. Автобуснинг “книлинг” тизими (бекатда автобус эгилади) ва аппарел (салондан тушиш ва чиқишга мўлжалланган қия кўприкча) йўловчилар учун қулайлик яратади. Кўпгина қисмлари импорт қилиб ясалганига қарамасдан Европадаги рақобатчиларига қараганда ушбу автобус 20 фоиз арзонроқ туради.

МАЗ сўнгги йилларда экспортбоп маҳсулот тайёрлашга катта аҳамият беряпти. Ўтган ой Африка мамлакатлари учун йўлтанламас автобус ишлаб чиқарган эди.

Алоқадор хабар

МАЗ Африка учун йўлтанламас автобус ишлаб чиқарди

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"