Nissan Qashqai ва X-Trail`нинг премиум-талқинини намойиш этди

Nissan Qashqai ва X-Trail`нинг премиум-талқинини намойиш этди

Женева автосалонида Nissan компанияси Qashqai ва X-Trail`нинг Premium Concept деб номланган янги талқинини намойиш этади.

Nissan Qashqai Premium Concept тўқ кулрангдаги жилосизланмайдиган тусдаги кузовда тақдим этилиб, у мис-олтин рангдаги қўшимча қисмлар: рейлинг, 20 дюймли ғилдирак дисклари, пастки қисм қопламалари ва бампер, асосий чироқлардаги безак билан таъминланган. Шунингдек, кузовнинг айрим жойларига карбонли бўлаклар ҳам қўлланилган. Nissan Qashqai салони эса оқ рангдаги замш матоси билан қопланган.

Nissan X-Trail Premium Concept`нинг асосий ранги жилоланмайдиган оқ тусда бўлиб, капот ва топ қисми карбондан тайёрланган, олд ва орқа бампер мис-олтин рангдаги қоплама билан безатилган.

X-Trail Premium Concept салони ўзида чармнинг бир қатор кўринишларини мужассамлаган. Бош суянғичларида“мармар”ли кўринишдаги ошланган чармдан ишланган бўлса, ўриндиқларнинг айрим қисмлари “садаф” чармли ҳошия билан безатилган. Бошқарув панели ва эшикларнинг ички қопламалари жилосиз хром ва қора карбондан тайёрланган.