Ўзбекистонда ҳайдовчилик ҳуқуқини олишга тўсқинлик қилувчи касалликлар рўйхати тасдиқланади

Ўзбекистонда ҳайдовчилик ҳуқуқини олишга тўсқинлик қилувчи касалликлар рўйхати тасдиқланади

“Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида”ги қонунда ҳайдовчилик ҳуқуқини олишга тўсқинлик қилувчи ҳамда ҳайдовчилик ҳуқуқини олгандан кейин транспорт воситасини бошқаришга тўсқинлик қилувчи касалликлар рўйхати белгиланиши кутилмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев йўл ҳаракатини ташкил этиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишга қаратилган “Йўл ҳаракатини ташкил этиш тўғрисида”ги янги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилгани ҳақида хабар берди.

Депутатнинг ёзишича, қонун лойиҳасида йўл ҳаракатини ташкил этишнинг асосий принциплари этиб қуйидагилар белгиланмоқда:

  • фуқаролар манфаатлари устуворлиги;
  • йўл ҳаракатини ташкил этиш бўйича фаолият ва тадбирларнинг тизимлилиги;
  • экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишнинг устуворлиги;
  • пиёда ва велосипедда ҳаракатланиш учун шароит яратиш;
  • очиқ жамоатчиликни ўз вақтида хабардор этиш.

Таъкидланишича, “Йўл ҳаракатини ташкил этиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси асосида “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида”ги қонунга ҳам ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, жумладан, қуйидагиларни белгилаш назарда тутилган:

  • ҳайдовчилик ҳуқуқини олишга тўсқинлик қилувчи касалликлар рўйхати;
  • ҳайдовчилик ҳуқуқини олгандан кейин транспорт воситасини бошқаришга тўсқинлик қилувчи касалликлар рўйхати

“Кўриб турганимиздек, бундан буён автомобил ҳайдашнинг ўзи бўлмайди. Масъулият бир эмас, ўн баравар ошади. Албатта, масъулият ошиши ҳайдовчилар билан бир қаторда назорат қилувчи органлар ходимларида ҳам параллел равишда кечмоғи лозим. Шу боис ўртоқлар, автомобиль ҳайдашда “ўпкани босиб”, ҳушёрликни оширишни ҳозирданоқ бошлайверайлик”, деб ёзади Кушербоев.

Депутат аввалроқ, машина сотиб олганда нотариусга тўланадиган бож миқдори камайтирилиши кутилаётгани ҳақида хабар берганди. Унинг қўшимча қилишича, нотариал ҳаракатларни амалга оширганлик учун тўланадиган давлат божларини камайтиришга доир қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинган.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!