Парижда янгича “ай-ўттиз” хэтчбеки тақдим этилди

Парижда янгича “ай-ўттиз” хэтчбеки тақдим этилди

Hyundai i30 авторусумини бренднинг энг машҳур автомобили дейиш қийин. Аммо ушбу хэтчбекнинг янги авлодини Парижда намойиш этишлари бежиз эмас.

Хўш, нима учун? Гап шундаки, европаликлар голф-класс автомобилларини бениҳоя хуш кўришади. Volkswagen Golf Европадаги энг серхаридор машиналарнинг бири эканлиги бундан далолатдир. Шу боис корейслар маҳаллий автосалонларда Hyundai i30ни намойиш этишга зўр беряпти.

Тадбир доирасида кўрсатилган янги Hyundai i30 аждодидан кўра йирикроқ жуссали, яъни 40 ммга узунроқ (4340 мм) ва 15 ммга кенгроқ (1795 мм). Ғилдираклар базаси 2650 ммлигича қолди. Бўйи 15 ммга пасайди.

Авторусум дизайни ҳам сезиларли ўзгарди. Радиатор панжараси трапециясимон шаклда. Чироқлари ва бампер ўзгарди. Хэтчбекнинг вазни 1316 кгга тенг. Корейс компанияси вакиллари буни машина жиҳозлари кўпайганлиги билан изоҳлаяпти.

Hyundai i30нинг двигателлар бўғимига олти турдаги мотор киради. Учтаси бензинли (100, 120 ва 190 от кучи) ва учтаси дизелли (95, 110 ва 133 от кучи) версиялардир.

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"