“Қораялоқ” номли ўзгарувчан автомобиль ясалди

“Қораялоқ” номли ўзгарувчан автомобиль ясалди

Ўзбекча аскияларда “Гулмисиз, райҳонмисиз, жамбилмисиз?”-дея гап отилганда, “Айтганингизман”,-деб жавоб беришади. Биз қуйида таърифлайдиган автомобилдан “Седанмисиз, хэтчбекмисиз, пикапмисиз?”-деб сўрасангиз, “Айтганингизман”,-деб жавоб қайтариши тайин.

Автомобиль рекламасини суратга олиш хийла мураккаб жараён. Буюртмачи экранда айнан бир модификациянинг ўзи намоён бўлишни истайди, тасвирга олиш жараёни вақти чекланганлиги эса баъзида вазиятни чигаллаштиради. Шундай ҳолатда исталган кўринишга кирадиган автомобилга эҳтиёж сезилади.

АҚШнинг The Mill агентлиги реклама мақсадида фойдаланиладиган Blackbird номли электромобиль яратди. Blackbird ўзбекча “Қораялоқ” маъносини англатади. Электромобиль ўзгарувчанлик хусусиятига эга. Масалан, бир тугма босиб ғилдираклар базасини 1,2 метрга ёки ғилдирак изини 25 смга катталаштириш мумкин. Бундан ташқари турли дизайндаги ғилдираклар ўрнатиш, осма дизайнини ўзгартириш имкони бор.

Электромобилга атайлаб кузов панеллари ўрнатилмаган. Кузов 3Д технология ёрдамида компютерда ўрнатилади. Реклама видеолавҳасида эса буюртмачи танлаган автомобилнинг ўзи акс этади. Томоша қилинг.

Ғаройиб янгиликни экспертлар кўриб чиқди. Тез кунларда реклама лавҳаларида ҳақиқий автомобилни эмас, қуйиб қўйгандек ўхшаш макетини кўрамиз.

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"