РАФ – собиқ Иттифоқнинг машҳур микроавтобуси

РАФ – собиқ Иттифоқнинг машҳур микроавтобуси

Рига автобус фабрикаси 1949 йилда ташкил қилинган бўлиб, дастлаб у автобус кузовлари ишлаб чиқаришга мўлжалланган. 1951 йилда завод Рига экспериментал автомобил фабрикаси билан бирлашиб, ГАЗ двигатели ва шассиси асосида 23 ўринли РАФ 561 автобуслари ишлаб чиқара бошлаган.

1954 йилда завод  қайта ташкил қилиниб Рига автомобил фабрикаси номини олди. 1957 йилда РАФ ўз кучи билан яратилган биринчи микроавтобуси — РАФ 10  ишлаб  чиқара бошлади. 1957 йилда Москвада бўлиб ўтган ёшлар фестивали шарафига РАФ 10 “Фестиваль” номини олди. Автомобилда Волга ГАЗ-21 двигатели ўрнатилган эди. Ушбу микроавтобус ўзгаришсиз 1975 йилга қадар ишлаб чиқарилди. 1976 йилдан бошлаб микроавтобусларнинг янги модели ишлаб чиқарила бошлади. РАФ 2203 “Латвия” айтишларига қараганда, жуда қулай,  тежамкор ва манёврли микроавтобус бўлган. Ишончли ГАЗ-24 автомобилларига ўрнатиладиган двигателлар билан жиҳозланган бўлган.

РАФ 70-80 йилларда собиқ Иттифоқнинг энг йирик микроавтобуслар заводига айланди.  Халқ ушбу микроавтобусларни “рафик” деб атар эди. Рафиклар Иттифоқнинг барча шаҳарларида “тез ёрдам”, маршрутли такси, сайёҳ ва меҳмонларни олиб юрувчи транспорт сифатида кенг тарқалди.

1991 йилнинг сентябрь ойида Латвия мустақил давлатга айланди,  РАФ эса — акциядор жамиятга. Заводда микроавтобуслар ишлаб чиқариш тўхтатилди. Тақдир тақозосига кўра, ишлаб чиқарилган энг охирги маҳсулот – ўлик ташийдиган машиналар бўлди. Бугунги кунда РАФ заводи биноларининг асосий қисми бузилиб кетган, қолган жойлари эса ижарага топширилган. Завод ҳудудида унинг тарихига бағишланган музей очилган.

Манба: Sputniknews-uz.com

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.