Россияда GM Uzbekistan автомобиллари савдоси қарийб тўққиз баробарга ошди

Россияда GM Uzbekistan автомобиллари савдоси қарийб тўққиз баробарга ошди

GM Uzbekistan компанияси Россия Федерациясига сотган автомобилларини ҳисоб-китоб қилди. Маълум бўлишича, 11 ой давомида шимолдаги қўшниларимизга 12 978та автомобиль сотилган, деб ёзмоқда Подробно.уз. Бу ўтган йилнинг айни даврига нисбатан 889 фоизлик ўсишни англатади. Автомобилларимиз Россияда мисли кўрилмаган даражада яхши сотилди, деб айтиш учун тўла асос бор.

Ноябр ойининг ўзидаёқ савдо 336 фоизга ошганини кўриш мумкин. Ўтган йилнинг ноябрида 420та автомобиль сотилган бўлса, бу йил бу сон 1831тага чиқди. Ўзбек автомобилсозларининг Россия бозоридаги ҳиссаси 0,1 фоиздан 0,9 фоизга кўтарилди.

Ҳозир GM Uzbekistan ўн турдаги автомобиль ишлаб чиқармоқда: тўрт седан - Nexia, Cobalt, Gentra, Malibu; иккита камлитражли машина – Matiz, Spark; йўлтанламас – Captiva; минивэн – Orlando; микроавтобус – Damas; микровэн – Labo.

Ўзбекистоннинг ўзидаги енгил автомобиллар Chevrolet бренди остида тақдим этилмоқда. Экспортга эса Ravon савдо маркаси остида кетади.

Келгусида мамлакатимиз автомобилсозлари Қозоғистон бозорида ҳам ўз ўрнини мустаҳкамламоқчи.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"