Россияда ўзбекистонликларнинг эски ҳайдовчилик гувоҳномаларини янгисига алмаштириш бошланди

Россияда ўзбекистонликларнинг эски ҳайдовчилик гувоҳномаларини янгисига алмаштириш бошланди

Россия Федерациясида бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига янги турдаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларини беришда қулайликлар яратиш мақсадида 2022 йилнинг 25 январидан Россияда Ўзбекистон фуқароларининг эски ҳайдовчилик гувоҳномасини янгисига алмаштириш бошланди.

Гувоҳномани Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси консуллик бўлими, шунингдек, мамлакатнинг Владивосток, Екатеринбург, Қозон, Новосибирск, Ростов-на-Дону ва Санкт-Петербургдаги бош консулликларида алмаштириш мумкин. 

Эски намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси янги намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномасига алмаштириш бўйича талабгорнинг аризаси консуллик муассасаси мансабдор шахси томонидан қабул қилинади.

Талабгорнинг эски намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини янги намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномасига алмаштириш бўйича аризасига қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

- хорижга чиқиш биометрик паспорти ёки фуқаролик биометрик паспорти (идентификация ID-карта) (консуллик мансабдор шахси томонидан нусха олинади ва асли талабгорга қайтариб берилади);

- эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси ва унинг талони (консуллик мансабдор шахси томонидан нусха олинади ва асли талабгорга қайтариб берилади);

- белгиланган миқдорда консуллик йиғими ва ҳақиқий харажатларнинг ўрнини қоплаш ҳисобидан йиғим, шунингдек, ҳайдовчилик гувоҳномасини берганлик учун тўлов тўлаганлиги тўғрисида квитанция.

! Талабгордан бошқа ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланади.

Консуллик муассасаси орқали эски намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси янги намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномасига алмаштириш учун қуйидагилар ундирилади:

базавий ҳисоблаш миқдорининг 70 фоизи миқдорида тўлов. Бунда тўлов тегишли тўлов амалга ошириладиган кунда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан ўрнатилган курс бўйича хорижий валютада қабул қилинади;

20 АҚШ доллари миқдорида консуллик йиғими;

20 АҚШ доллари миқдорида ҳақиқий харажатларнинг ўрнини қоплаш учун йиғим.

Эслатиб ўтамиз, эски ҳайдовчилик гувоҳномалари қуйидаги муддатларда янгисига мажбурий алмаштирилади:

  • 2010 йилгача берилганлари – 2022 йил 31 мартгача;
  • 2010 – 2012 йилларда берилганлари – 2022 йил 30 июнгача;
  • 2013 – 2015 йилларда берилганлари – 2022 йил 30 сентябргача;
  • 2015 йилдан кейин берилганлари – 2022 йил 31 декабргача.

Қайд этилган муддатларгача алмаштирилмаган гувоҳномалар ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!