"Шахсий транспортдан кўра жамоат транспорти афзаллигини таъминлашимиз керак" — Транспорт вазирлиги

Транспорт вазири ўринбосари Абдусамат Мўминов Ўзбекистон шаҳарларидаги тирбандликлар муаммосини фақатгина йўлларни кенгайтириш ва янги йўл ўтказгичларини қуриш билан ҳал этиб бўлмаётганини айтди. «Шахсий транспортдан кўра жамоат транспорти афзаллигини таъминлашимиз керак», — деди у. Пойтахт кўчаларида пиёдалар ва велосипед йўлакларини ажратиб турувчи техник тўсиқлар, хавфсизлик оролчалари, тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойларида светофор бошқаруви жорий этилади.

18 феврал куни Сенатда Бақарор ривожланиш соҳасидаги Миллий мақсад ва вазифаларнинг 2030 йилгача бўлган даврда амалга оширилишини назорат қилиш бўйича Парламент комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

«Газета.уз» мухбирининг хабар беришича, унда асосий эътибор йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ва тирбандликларни олдини олишга қаратилди. ИИВ ва Транспорт вазирлиги вакиллари бу борада ўзининг таклифларини билдирди.

Шахсий транспортдан кўра жамоат транспорти афзаллигини таъминлаш
Транспорт вазири ўринбосари Абдусамат Мўминовнинг сўзларига кўра, пойтахт кўчаларида тирбандликлар, автобусларнинг етишмаслиги ва эскирганлиги, йўловчиларнинг жамоат транспортидан фойдаланиш даражаси пастлиги, транспорт воситаларидан чиқаётган зарарли газларнинг экологияга салбий таъсири каби муаммолар долзарблигича қолмоқда.

«Йўлларда вужудга келаётган тирбандликларни фақатгина йўлларни кенгайтириш, янги йўл ўтказгичларини қуриш эвазига ҳал қилиб бўлмаяпти. Ҳозирги пайтда асосий эътиборни жамоат транспорти ҳаракатланиши устуворлигига қаратиш, унинг жозибадорлигини ошириш, барча учун қулай ва хавфсиз манзилга етиб олиш имкониятини яратадиган, шахсий транспортдан кўра жамоат транспорти афзаллигини таъминлашимиз зарур. Бугунги кунда бизни асосий мақсадимиз шу», — деди у.

Таъкидланишича, бунинг учун Транспорт вазирлиги, ИИВ, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва бошқа идоралар ходимларидан иборат махсус ишчи гуруҳ ташкил этилган. Шаҳардаги 37 асосий кўчаларни ўз ичига олган 23 та транспорт йўлаклари белгилаб олинган.

«Ушбу йўлакларда тирбандлик кузатилаётган чорраҳаларни босқичма-босқич жойига чиққан ҳолда махсус камера ва дронлар ёрдамида ўрганишни бошладик. Бугунги кунга қадар йўлаклардаги 37 та чорраҳадан ўтаётган транспорт воситаларининг ҳаракати махсус Траффиc Дата Ланд Бох дастури ёрдамида қайта ишланиб, маълумотлар базаси яратилмоқда. Улар хорижий давлатларнинг дастури асосида таҳлил қилиш орқали чоррахаларнинг геометрик параметрларини ўзгартириш, светофорлар фазасига ўзгартиш киритиш йўли билан хавфсиз чорраҳалар ўтказувчанлигини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилмоқда», — деди Абдусамат Мўминов.

Мисол тариқасида келтирилишича, 2021 йилда Симметрия компанияси билан Самарқанд шаҳрида ҳудди шу каби таҳлиллар ўтказилган. Унинг асосида эса Самарқандни 2030 йилгача ривожлантириш бўйича дастур кўринишида таклиф ишлаб чиқилган.

«Буни бир йил ичида ишлаб чиқдик. Бизни таҳлилларимиз асосида тирбандликни 15 фоизга, ҳавога чиқадиган чиқиндирларни 13 фоизга камайтиришга эришилади. Агар биз берган тавсияларимизни Самарқанд шаҳри ҳокимияти қўллайдиган бўлса, бу жуда катта натижани беради», — деди вазир ўринбосари.

Қайд этилишича, пойтахт учун ишлаб чиқилаётган таклифларни амалга ошириш натижасида эса қуйидагиларга эришиш кутилмоқда: «Чорраҳаларнинг ўтказувчанлигини 20 фоизга ошириш, транспортни чорраҳада тўхтаб туриш вақтини 30 фоизга камайтириш, атмосферага чиқаётган зарарли моддалар миқдорини 35 фоизгача қисқартириш ҳамда йўлларда хавфсизликни таъминлашга эришилади».

Ҳудди шу каби ўрганишлар Андижон ва Наманган шаҳарларида ҳам ўтказилмоқда. Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган чора-тадбирлар эса босқичма-босқич республиканинг барча ҳудудларида тадбиқ этилади.

Тошкент кўчаларида нималар ўзгаради?
«Шаҳар кўчалари кесишмаларида пиёдалар ва велосипед ҳаракати хавфсизлигини таъминловчи техник воситалар жорий этилади, — деди транспорт вазири ўринбосари. - Уч ва ундан ортиқ полосалар мавжуд ҳаракат йўналишларини ажратувчи хавфсизлик оролчалари ташкил этилади. Икки ва ундан ортиқ йўл бўлаги мавжуд кўчалардаги тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойларида светофор бошқарувини тадбиқ этиш қўзланган».

Хорижий мутахассисларни жалб этган ҳолда пиёда ва велосипед йўлакларини ташкил этишда чорраҳалар билан кесишмаларда хавфсиз ва тўсиқсиз муҳитни яратиш мўлжалланаяпти.

Шу билан бирга савдо марказлари, бозорларда ва бошқа йўловчи оқими юқори бўлган алоҳида инфратузилма, алоҳида йўлаклар ва бекатларни жорий этиш орқали йўловчиларни хавфсизлигини таъминлаш ҳамда жамоат транспорти учун қулай шароит яратишга ҳаракат қилинаётгани таъкидланди.

«Ҳамма бозорга кетаётганда 50 ёки 100 метр бўлса ҳам машинани [бозор] эшигини тагига тақаб боришга ҳаракат қилади, ўшанга тирбандлик бўлади. Биз шуни камайтириш, жамоат транспортини қулай қилиш учун бутун Тошкентни мўлжаллаб режаларни қилаяпмиз», — деди Абдусамат Мўминов.

Унинг фикрича, «жамоат транспортидан фойдаланиш жозибадорлигини ошириш натижасида шахсий транспортдан фойдаланиш улуши камаяди. Натижада йўллардаги тирбандлик ва ЙТҲлар камайишига эришилади».

Тошкентда фуқаролар жамоат транспортига ўтказилмаса тирбандликлар муаммоси ҳал бўлмайди.

Ички ишлар вазири ўринбосари — ИИВ Жамоат хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи Бекмурод Абдуллаевнинг фикрича, Тошкент шаҳрида йўл инфратузилмаси муаммолари зудлик билан ҳал этилмаса тирбандлик ниҳоятда кўпаяди.

«Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Транспорт вазирлиги ва биз [ИИВ] ҳамкорликда ишлаб чиққан, президентимиз [ҳузуридаги] тақдимотда ҳам бу нарсанинг ҳаммаси, яъни, йўл ўтказгичлар, пиёдалар ва велосипед йўлакларини қуриш инобатга олинган. Қолаверса, агар биз фуқароларни жамоат транспортига ўтказмасак, бу масала ечилмайди», — деди у.

У мисол тариқасида М39 Тошкент-Термиз автомагистралида соатига 20 минг автоулов ҳаракатланиши кераклиги, ҳозирги кунда эса 80 минг автоулов ҳаракатланаётганини келтирди.

«Агар биз зудлик билан шаҳарлараро автобуслар, поездларимиз ёки бошқа жамоат транспортларини кўпайтирмасак, бу масалани ечимини топиш ниҳоятда мушкул. Ва шаҳарлар ичида ҳам ҳудди шундай. Чет эл тажрибаларини ўргандик, мактабларга машинада келиш тақиқланган мамлакатлар сони ниҳоятда кўп. Яъни, ўша АҚШда ҳам болаларни уйидан йиғиб, автобусларда олиб келиб, автобусларда олиб бориб қўяди», — деди ИИВ раҳбари ўринбосари.

Унинг қўшимча қилишича, Транспорт вазирлиги, ҳокимиятлар ва ИИВ шулардан иборат таклифларни киритган ва бу борада ишлар аллақачон бошлаб юборилган.

Carzone.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.