Тошкент чорраҳаларида таймерли светофорлар пайдо бўлади

Тошкент чорраҳаларида таймерли светофорлар пайдо бўлади

Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳри чорраҳаларида таймерли светофорлар ўрнатилади. Шаҳар ҳокимият идораларининг ушбу ташаббуси ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг ижобий қарашларига сабаб бўлди. Уларнинг айримлари, шунингдек, тунги вақтларда кўчаларни ёритиш ишлари ҳам такомиллаштирилса, яхши бўлиши ҳақида фикрлар билдиришган. Чунки, оддий бўёқ билан чизилгани сабаб, йўллардаги чизиқлар қоронғу вақтда деярли умуман кўринмайди.

Шундай қилиб, келаси йилдан, шаҳар чорраҳаларида рақамли таймерлар билан жиҳозланган светофорлар ўрнатиш бошланади, деб хабар қилмоқда Kun.uz.

Ушбу қарор пойтахт чорраҳаларида вужудга келадиган ва кўп ҳолларда жиддий ЙТҲга сабаб бўлувчи оғир вазиятни ҳал этишга қаратилган. Аксарият ҳолатларда ҳайдовчиларнинг йўл қоидаларига беписандлиги шундай аянчли ҳодисаларга сабаб бўлади. Хусусан, бугунги кунда, светофорнинг «сариқ чироғи» ҳаракатланишга тақиқ сифатида қабул қилинмайди, аксинча, «қизил» ёнгунча ўтиб олиш имкониятидек баҳоланади.

Бундан ташқари, сабрсиз ҳайдовчилар, қонунга риоя қилмоқчи бўлган ва «яшил чироқ»да ҳаракатланишни кутиб турган автомобиль эгаларини сигнал чалиш билан  «сариқ»да ҳаракатланишга мажбур қилиши ҳам бор гап.

Янги светофорларни ўрнатиш ҳақидаги хабарни Ўзбекистон ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси, ҳайдовчилардан бирининг Ўзбекистон Бош вазири виртуал қабулхонасига йўллаган мурожаатига жавоб бериш билан тасдиқлаган. Бироқ бошқарма бу борада белгиланган режаларга ойдинлик киритмаган.

Қайд этиш жоизки, бу турдаги светофорларни ўрнатишга аввал ҳам уриниб кўрилган, бироқ бир неча ойдан сўнг, улар ўз-ўзидан ғойиб бўлиб қолган. Шу билан бирга, республиканинг бошқа қатор ҳудудларида бу каби светофорлар ўзларининг фойдали эканини исботлаб бўлишган.

Carzone.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.