“Тошкент” халқаро аэропортида янги терминал ишга туширилди

“Тошкент” халқаро аэропортида янги терминал ишга туширилди

Президент Шавкат Мирзиёев томонидан пойтахт аэропорти инфратузилмасининг ишлаш самарадорлиги ва йўловчиларга хизмат кўрсатиш имкониятини кенгайтиришни ошириш ҳамда сервис хизматини ошириш мақсадида 2017 йилда “Тошкент” аэропортининг Маҳаллий авиайўналишлар аэровокзали эски биносини халқаро авиақатновлар учиб келиш залига реконструкция қилиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

МАК ахборот хизмати хабарига кўра, ушбу қарор асосида Ислом Каримов номидаги "Тошкент" халқаро аэропортида майдони 9802,36 м2 га тенг маҳаллий авиайўналишлар аэровокзали эски биносида таъмирлаш ишлари бошланди, деб ёзмоқда kun.uz.

Соатига 1200 нафар йўловчигача хизмат кўрсатиш имконига эга янги бинонинг ишга туширилиши халқаро йўналишларда учиб келаётган йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифатини сезиларли даражада оширади ва мамлакатга киришдаги зарурий текширув жараёнидан ўтишни тезлаштиради.

Ҳозирда янги муҳандислик-технологик ускуналар билан жиҳозланган ушбу терминалда “қизил” ва “яшил” йўлаклар,  4та юк лентаси, 24та паспорт назорати пункти, виза таъминоти пункти, иккита валюта айирбошлаш шаҳобчаси, иккита Duty Free магазини ва иккита кафе-бар мавжуд. Паспорт назоратидан ўтиш вақти аввал 15-20 дақиқани ташкил қилган бўлса, ҳозирда бу жараён 7-10 дақиқада амалга оширилади. Шундай қилиб, келаётган меҳмонлар ҳамда Ўзбекистон фуқаролари аэропортдаги барча расмиятчиликни 20-30 дақиқа мобайнида ўтаб бўладилар.

Эслатиб ўтамиз, дастлаб 4,798,76 м2 тенг майдонга эга бўлган маҳаллий авиайўналишлар терминалининг эски биноси 1997 йилда қурилган. Соатига 300 йўловчига хизмат кўрсатиш имконига эга бўлган мазкур бино маҳаллий йўналишларда парвоз қилувчи йўловчиларининг учиб кетиш/келиши учун мўлжалланган эди. 2012 йилда Тошкент-3 янги терминалини ишга туширилгандан сўнг, ушбу бино эксплуатациядан чиқарилди.

Бугунги кунда И.Каримов номидаги “Тошкент” аэропортида 4 та йўловчи терминали, 2 та учиш-қўниш йўлаги, турли русумдаги самолётлар учун 101та тураргоҳ мавжуд. Пойтахт аэропортидан 10та маҳаллий ва 40 дан ортиқ халқаро йўналишларда қатновлар амалга оширилади.

Carzone.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.