Транспорт хизмати: сифат ва нархлар уйғунми?

Транспорт хизмати: сифат ва нархлар уйғунми?

Нурафшон шаҳри Тошкент вилоят маркази этиб белгиландан сўнг пойтахтдан бу ҳудудга йўловчи ташиш соҳасида қандай қулайликлар яратилмоқда? Шу савол билан вилоят ҳокимлигининг йўловчи транспортининг барча турлари ҳаракатини лицензиялаш ва мувофиқлаштириш департаментига мурожаат қилдик.

Бугунги кунда Нурафшон ва Тошкент оралиғида қатор йўналишлар фаолияти йўлга қўйилган. Улардан бири "Янгиҳаёт қўрғони – Нурафшон автобош бекати-Қўйлиқ автошоҳбекати" бўйича 422-йўналишида "Davr trans servis" масъулияти чекланган жамияти хизмат кўрсатмоқда. Аҳолига 15 та ҳаракат жадвали билан “Газель” русумли микроавтобуслари қатнамоқда. Мазкур йўналиш масофаси 25 километр бўлиб, 80 сўмлик тариф қўлланилган ҳолда йўлкира ҳақи 25*80=2000 cўмдир.

"Нурафшон АШБ-Қўйлиқ M2 АШБ" шаҳар атрофи 591-йўналишида эса 5 та ҳаракат жадвали билан аҳолига “ISUZU” русумли автобуслари хизмат кўрсатмоқда. Бу йўналишда йўлкира ҳақи 1500 cўм этиб белгиланган. "Пискент АШБ-Қўйлиқ М3 АШБ (Нурафшон орқали)" шаҳар атрофи 428-автобус йўналишида "Ipak yo'li avtotrans" масъулияти чекланган жамияти томонидан “ISUZU” русумли автобуслари қатнови йўлга қўйган. Ушбу йўналишда эса, йўлкира ҳақи бугунги кунда 1500 cўм.

– Нурафшон–Қўйлиқ оралиғида қатновчи барча йўналишларда йўл ҳақи учун 1 йўловчи километр учун тариф даражаси вилоят учун белгиланган тариф даражасидан пастдир, – дейди департамент бошлиғи У. Комилов. – Бу соҳада муаммолар ҳам йўқ эмас. Масалан, бугунги кунда мазкур йўналиш бўйлаб 100 дан ортиқ енгил автомобиллар ноқонуний равишда, яъни лицензия варақаси олмасдан йўловчилардан 3000-4000 сўм йўл ҳақи олиб, фаолият кўрсатиб келмоқда. Демакки, йўловчиларга бироз ноқулайлик туғдириши мумкин. Лекин буларни ҳам тартибга солиш чоралари кўрилмоқда.

Хўш, шу ўринда департамент қандай ишларни амалга оширади?, деган савол туғилади. Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 11 ноябрдаги “Тошкент вилояти ҳокимлигининг йўловчи транспортининг барча турлари ҳаракатини лицензиялаш ва мувофиқлаштириш департаментини ташкил этиш тўғрисида”ги Қарорига асосан мазкур департаментнинг бир қатор асосий ва устувор вазифалари белгиланган. Жумладан, йўловчи транспортининг барча турлари ҳаракатини мувофиқлаштириш, йўналишлар тармоғини тартибга солиш ва мақбуллаштириш, фаолиятни лицензиялаш, очиқ тендерларни ташкил этиш билан шуғулланади.

Шунингдек, вилоят ҳокимлигига чекланган тарифларни белгилаш бўйича таклифлар киритиб, уларга қатъий риоя этилишини назорат қилади. Чипта тизимини жорий этиш, йўл чипталари, карточкалари, фуқароларнинг айрим тоифаларига транспортда имтиёзли юриш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлар тайёрланади. Йўловчи ташишни бошқаришнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш, шу жумладан, ер усти йўловчи транспортида ҳақ тўланишини ҳисобга олиш ва шаҳар йўловчи ташиш транспорти йўналишларида назорат тизимини автоматлаштириш чоралари қўлланилади.

– Ҳозирги кунда департаментимиз томонидан 259 та корхона ва ташкилотга вилоятимизда йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи 371 та лицензия ва 4721 та “лицензия варақалари” берилган, – дейди департамент бошлиғи ўринбосари Шавкат Тошпўлатов. – Уларнинг таркибида жами 4712 та автотранспорт воситаси, жумладан 1215 та автобус, 1031 та микроавтобус ва 2466 та енгил автомобиллар мавжуд. Вилоятимизда бугунги кунда 620 та йўловчи ташиш йўналиши, жумладан, 241 та автобус, 379 та йўналишли такси йўналишларида аҳолига йўловчи ташиш хизматлари кўрсатилмоқда. Тошкент шаҳрини вилоят шаҳар ва туманлари марказлари билан боғловчи йўналишларда асосан “Исузу” русумли автобуслар аҳолига транспорт хизматини кўрсатмоқда.

Корхоналарнинг шаҳар атрофи йўналишларида йўловчи ташишдан моддий зарар кўриб, фаолият олиб боришларини олдини олиш муҳим саналади. Аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, самарадорлигини ошириш мақсадида ёқилғи-мойлаш материаллари ва эҳтиёт қисмлари тан-нархи ҳамда бошқа харажатларнинг ошганлиги муносабати билан йўналишларда қатнайдиган йўловчи ташувчи транспорти хизматлари тарифларининг миқдорлари белгиланган. Жумладан, шаҳар атрофи ва шаҳарлараро (вилоят ичи) автобус йўналишларида 1 йўловчи километр учун – 80 сўмдан 90 сўмгача, шаҳар атрофи автобус йўналишларининг масофаси 11,5 кмдан кам бўлган йўналишларда йўлкира ҳақи миқдори 1000 сўмдан кам бўлмаган миқдорда, бу йўналишларда ташишга рухсат этилган ҳар бир юк ўрни учун – 1000 сўм этиб белгиланган. Шаҳар атрофи ва шаҳарлараро (вилоят ичи) такси йўналишларида 1 йўловчи километр учун – 100 сўмдан 115 сўмгача, 11,5 кмдан кам бўлган йўналишларда йўлкира ҳақи миқдори 1300 сўмдан кам бўлмаган миқдорда, вилоятнинг турли ҳудудларидан Тошкент шаҳрига кириб келувчи йўналишларда йўлкира ҳақи миқдори 1 йўловчи учун автобус йўналишларида 1200 сўм ва йўналишли таксиларда 1500 сўм миқдорида белгиланган.

Ўзбекистон Автомобиль ва дарё транспорти агентлигининг “Фуқароларнинг айрим тоифаларига шаҳар йўловчи транспортидан (таксидан ташқари) бепул фойдаланиш ҳуқуқини берувчи гувоҳномаларни бериш тўғрисида”ги тасдиқланган Низомига асосан 2017 йилда 2100 дан ортиқ шаҳар йўловчи транспортидан бепул фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларга ягона намунадаги гувоҳномалар берилди.

Хуршида ТУРСУНБОЕВА

"Тошкент ҳақиқати"дан олинди

Carzone.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.