“UzAuto Motors” Chevrolet автомобиль моделларининг шартномаларини янгилайди

“UzAuto Motors” Chevrolet автомобиль моделларининг шартномаларини янгилайди

Компания хабарда пандемия даврини яримўтказгичларнинг глобал танқислиги ва логистика инқироз, шунингдек, миллий валюта инфляциясига қарамай, бошқа мамлакатлардаги автомобиль ишлаб чиқарувчилар орасида энг яхши натижалар билан ўтказганини билдирган.

«Икки йилда автомобилларнинг умумий қиймати ўзгармади, чет эл валютасида эса ҳатто арзонлашди (14 фоиз), завод ўз фаолиятини тўхтатмай, барча иш ўринларини сақлаб қолишга муваффақ бўлди. UzAuto Motors заводлари фаолиятига 300 дан ортиқ етказиб берувчилар, 100 дан ортиқ савдо ва сервис дилерлик корхоналари ва турдош саноат тармоқларда фаолият юритаётган 200 мингдан ортиқ ходимлар жалб қилинган.

Бундан ташқари, компания 2020 йилда пандемиянинг энг юқори чўққисида барча ишлаб чиқариш рекордларини янгилашга муваффақ бўлди: уч йил ичида ишлаб чиқариш ҳажми 1,8 бараварга кўпайди ва 280 минг автомобилни ташкил этди. Сўнгги уч йил ичида эса 786 мингта автомобиль ишлаб чиқарилди. Бу аввалги уч йилга нисбатан ишлаб чиқариш 1,8 баробарга ошганини кўрсатади. Компания 2019 йилдан бошлаб давлат имтиёзларидан босқичма-босқич воз кечишни амалга оширди. Бунинг натижасида UzAuto ва тармоқ корхоналари биргина ўтган йилнинг ўзида бюджетга 5,36 триллион сўм тўлаган бўлса, бу 2018 йилга нисбатан 3 баробар кўп, сўнгги уч йилда эса 13,11 триллион сўмни ташкил этди.

Аммо глобал логистика инқирози кўплаб ишлаб чиқарувчиларга таъсир ўтказа олди. Агар 2019 йилда автомобиль эҳтиёт қисмларини етказиб бериш муддати 30–40 кун оралиғида тебранган бўлса, битта контейнерни Жануби-Ғарбий Осиёдан Ўзбекистонга олиб ўтишнинг ўртача нархи 4,5—5,0 минг долларни ташкил этган бўлса, Жанубий Корея, Хитой ва Россия денгиз портларидаги тиғизлик ушбу муддатни 6 ойгача чўзилиши ва битта контейнер ташишнинг нархи 12–14 минг долларни ташкил қилди.

Кутилмаган глобал логистика инқирозидан ташқари, хом ашё нархларининг кўтарилиши компания аҳволини сезиларли даражада мураккаблаштирди; барча бошқа автомобиль ишлаб чиқарувчиларни сўнгги икки йил ичида нархларни 20–40 фоизга оширишга мажбур қилди. 2020 йилдан бошлаб хом ашё нархи сезиларли даражада ошди, хусусан, пўлат 70 фоизга, мис 64 фоизга, алюминий қотишмалари 76 фоизга, полимерлар 60 фоизга қимматлашди.

Барча факторлар, жумладан, хом ашё ва материал нархининг ошиши, логистика харажатларининг сезиларли даражада қимматлашиши ва бошқа омиллар автомобиллар таннархининг моделга қараб 1,8–3,1 минг долларга ошишига олиб келди», – дейилади компания хабарида.

Компания хом ашё таннархининг ошиши, коммунал хизматлар учун тарифлар, миллий валютанинг қадрсизланиши ва бошқа омилларни ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон Республика Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 мартдаги 249-сонли қарорига мувофиқ, UzAuto Motors 2022 йил 3 мартдан бошлаб ишлаб чиқарилган автомобилларнинг айрим моделлари учун чакана нархларни янгилашга мажбурлиги таъкидланган.

«2022 йилда ишлаб чиқаришга режалаштирилган 275 минг дона автомобилнинг (шу жумладан, экспорт учун 60 минг дона) 60 фоизи маҳаллий истеъмолчилар томонидан 2020 йил март ойида белгиланган нархларда харид қилинган. Бундан келиб чиқадики, нархнинг ўртача йиллик ўзгариши 3,3 фоизни ташкил қилади. Шу билан бирга, жаҳон автомобиль бозорида нархлар сезиларли даражада катта фоизга қимматлашган. Худди шу пайтда UzAuto Motors’нинг экспорт нархлари 33 фоиздан ортиқ кўтарилди.

Бундан ташқари, компания истеъмолчиларга қўшимча қулайлик яратиш мақсадида, оммавий сегмент моделларида жисмоний шахслар учун олдиндан тўлов фоизини 85 фоиздан 50 фоизга пасайтирмоқда. Мисол учун, Chevrolet Cobalt А/Т русумли автомобилни 125,6 миллион сўмга сотиб олаётганда олдиндан тўлов 106,7 миллион сўмни ташкил қилганди. Янги шартларга кўра, олдиндан тўлов 62,8 миллион сўмгача камайтирилади.

Шунингдек, шартномада автомобилни етказиб бериш кечиктирилган тақдирда харидорга компенсация тўланиши ҳақида банд назарда тутилган.

Автомобиль сотиб олишдаги янги шартлар фақатгина юқоридаги санадан бошлаб тузилган шартномалар учун амал қилади», – дейилади компания хабарида.

Автомобильларнинг янги нархлари ҳақида қўшимча маълумот берилади.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.