Узунлиги 173 метр бўлган тарихдаги энг узун автопоезд (фотогалерея)

Узунлиги 173 метр бўлган тарихдаги энг узун автопоезд (фотогалерея)

Австралиянинг машҳур автопоездлари узунлиги 50 метрдан ошади ва еттитагача тиркамадан ташкил топади. Лекин бу LeTourneau – ноёб автопоезд билан таққослаганда ҳеч нарса эмас. Daryo.uz нашри 1940 йиллар охирида яратилган LeTourneau ҳақида ҳикоя қилиб берди.

ХХ асрнинг 40-йиллари охирида дунё ядровий уруш ёқасига келиб қолди. Собиқ иттифоқ ва АҚШ ўртасидаги қарама-қаршилик қуролли пойгага сабаб бўлди. Собиқ иттифоқ ҳарбий кучлари бир нечта зарбалар билан автомобиль ва темир йўл ҳаракатини портлатиб юборишини тахмин қилган АҚШ Муфодаа вазирлиги Техаснинг LeTourneau компаниясига ядро уруши оқибатида зарар кўрган оғир буюмларни ташишга қодир автопоездлар ишлаб чиқаришга буюртма берди. LeTourneau бежизга танланмади: 1953 йили компания оғир дарахтларни ташишга қодир (суратдаги) VC-12 Tournatrain билан шуҳрат қозонганди.

LCC-1 номли янги автопоезднинг биринчи прототипи 1956 йилнинг кузида тайёр бўлди ва тажриба ўтказиш учун дарҳол Гренландияга юборилди. Автопоезд тўрт қисм – Sno-Train шатакчи ва учта тиркамадан ташкил топган эди.

Sno-Train 600 от кучига тенг Cummins двигатели ёрдамида ҳаракатга келарди. У ўз тиркамаларидан ташқари қўшимча 45 тонна юкни ботқоқли жойлар ва чуқурлиги 2 метр бўлган ҳавзалардан олиб ўтишга қодир эди. Тажриба 1962 йилгача давом этди. Ўша йилнинг ўзида LeTourneau TC-497 Overland Train Mark II – тарихга айланган автопоезднинг иккинчи прототипи яратилди.

LeTourneau TC-497 Overland Train Mark II автопоездининг тиркамалари 12 тага, 3,5 метрли Firestone ғилдираклари сони эса 54 тагача оширилди. Машина 150 тоннагача бўлган юкни ташишга мўлжалланган эди. Натижада ушбу автопоезднинг узунлиги ақлбовар қилмас 173 метрни ташкил қилди ва бугунги кунгача мазкур рекорд сақланиб қолмоқда.

Антенна билан баландлиги 9 метрга тенг бўлган шатакчи энди дизель эмас, газотурбо двигатели билан жиҳозланганди. Двигатель битта эмас, тўртта бўлган ва жами 4680 от кучига тенг эди. Катта қувватга эга бўлган автопоезд ўзининг 450 тонна оғирлигидан ташқари тўлиқ юкланганида соатига 35 километргача тезликни оларди.

«Марк 2» автопоезди таркибни бошқарадиган электрон тизим билан жиҳозланган эди. Бунинг эвазига у тўсиқлардан илон сингари ўтишга қодир эди. Энг қизиғи, ушбу электрон тизимни бошқариш учун алоҳида оператор керак бўлмаган, ҳайдовчининг ўзи бу ишни уддаларди.

Шунга қарамай, бутун таркибни тўлиқ ишлатиш учун 6 кишидан иборат экипаж зарур бўлган. Улар учун махсус хоналар яратилган бўлиб, ичида ухлаш учун жой, ҳожатхона, ошхона ва ҳатто кийимларни ювиш учун кир ювиш хонаси бўлган.

1962 йили АҚШ Мудофаа вазирлиги TC-497 ўрнига Sikorsky CH-54 Tarhe вертолётларини универсал транспорт сифатида маъқул топди ва автопоезд лойиҳаси йўқ қилинишига бир баҳя қолганди. Шунга қарамай, автопоезд 1969 йилгача синовдан ўтказилди. Вертолётлар арзонроқ эди ва уларга йўл керак эмасди.

TC-497 лойиҳаси учун АҚШ солиқ тўловчиларнинг 3,7 миллион долларини ишлатди. Синовлар якунига етгач, автопоезд 1,4 миллион доллар нарх билан сотувга қўйилди, аммо харидор топилмади. Натижада, 1971 йили тиркамалар темир-терсак қилиниб, металл сифатида топширилди, шатакчи эса Yuma Proving Ground Heritage Center экспозициясига топширилди. У ҳозирги кунгача ўша ерда турибди.

Тақдир LCC-1 составининг Sno-Train шатакчисини ҳам аяди. Гренландиядаги синовлардан сўнг Sno-Train Канададаги Yukon Transportation Museum музейидан жой олди.

P.S. Адолат юзасидан шуни қайд этиш керакки, аслида энг узун (аммо фойдасиз) автопоезд Австралияда йиғилган. 113 та тиркамадан иборат бўлган Mack Titan 1474 метрни ташкил қилганди. Бироқ у тўғри йўналишда атиги 140 метр масофани босиб ўтган.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.