Видеорегистратор харид қилишда нималарга эътибор бериш керак?

Видеорегистратор харид қилишда нималарга эътибор бериш керак?

Шундай қилиб, ҳайдовчи дўстим, видеорегистратор танлашга қарор қилдингиз. Кўплаб ажнабий брендлар ва уларнинг тушунарсиз параметрлари сизни иккилантирмоқда. Дўстингизга маслаҳат солинг, ишлатиб кўрганлардан суриштиринг. Уларнинг масалаҳати сизни қониқтирмаса, сизнинг масалаҳатчингиз – carzone.uz сайтидир. Автомаслаҳатимизда бу гал видеорегистраторларнинг қандай жиҳатларига эътибор бериш, уларнинг афзалликлари мавзуига батафсил тўхталамиз. Қурилма хусусиятларининг муҳимлик даражаси мақоламизнинг юқорисидан пастига қараб камайиб боради.

Тасвир сифати

Қанча тиниқ тасвирга олса, шунча яхши. Видеоёзув сифати қуйидаги параметрларга боғлиқ:

Тасвир сиғими (разрешение, resolution). Видеорегистраторда бу кўрсаткич 1920×1080дан кам бўлса, олманг. Айрим видеорегистраторлар юқори сиғимда тасвирга олишга қодир, бироқ хотира ҳажмини тежаб тасвирни сиқади. Бундай тасвирга қараб керакли деталларни кўриш қийин бўлади. Full HD сиғими ҳақиқий бўлишига эътибор беринг. Яъни қурилманинг матрицаси тасвирни қўлласин, кам сонли нуқталардан сунъий тасвир яратмасин. Бошқа параметрлари жойида бўлганида қанча матрица катта бўлса, тасвир шунча тиниқ бўлади.

Линза сифати. Гарчи яхшигина пластик линзалар учраб турса-да, шиша линзали объективларга етмайди. Пластик линза механик таъсир оқибатида оптик хусусиятларини йўқотади. Объективнинг нур ўтказиш даражаси ва кадр четидаги тасвир қийшаймаслигининг аҳамияти катта. Дарвоқе, машҳур бренд линзаси четида тамға туширилган бўлади. Бундан ташқари объективнинг кўриш бурчагига эътибор қаратиш лозим. Кўриш бурчаги жуда тор бўлса (100 градусдан кичик) кадр маълумоти жуда кам бўлади. Борди-ю, бурчак жуда катта бўлса (130 градусдан ортиқ) тасвир бузилади ва аниқлиги пасаяди.

Матрица сифати ва процессор қуввати. Регистратор юқори частотада кадр узата олиши зарурдир (бир сонияда 30 кадр мақсадга мувофиқ). Тасвирда рангли нуқтачалар, йўл-йўл чизиқ ва бошқа доғлар акс этмаслиги керак. Матрица сифатини хира ёруғликда, турли-туман деталлар манзарасида синаб кўришни тавсия этамиз, чунки шундагина камчилиги яққол кўзга ташланади.

Тунги съёмка сифати

Тунги съёмка сифати, асосан, юқорида таърифланган катталикларга боғлиқ, аммо баъзида булутли ҳавода ҳам яхши тасвирга олувчи, бироқ тунги тасвир олишга ожиз видеорегистратор русумлари учраб туради. Тунги тасвир сифатини ошириш учун қурилмада матрица сезгирлигини оширувчи тунги режим, инфрақизил ёки оддий диод чироқчалари қўлланади. Аммо уларнинг ҳеч бири тасвир сифатини кафолатламайди. Тасвир сифатини ошириш учун ёруғ оптика ва сезгирлиги юқори матрицадан фойдаланиш даркор. Тунги режимда кадрнинг яхши ёритилган ва ёритилмаган қисмларидаги фарққа мослашиш параметри муҳим ўрин тутади. Масалан, кундузи тоннелга кирганда ва чиққанда видеорегистраторнинг “кўзи қамашиб” қолиши хавфи бор. Текшириб кўриш учун танлаган қурилмангизни қўлингизда тутиб нимқоронғудан ёруғликка чиқинг – ёритилганликка мослашиш қобилиятини кўрасиз.

Корпусининг тузилиши, маҳкамлагичи ва қувватлаш усули

Видеорегистратор корпуси қуйидаги турларда бўлади:

Якка блокли. Энг кўп тарқалган тури. Видеорегистраторнинг битта камераси бор, бошқа томонида экран жойлашган. Wi-Fi ёрдамида тасвирни смартфонга узатиш функцияси бўлиши мумкин. Ўлчами ва экран сиғими ўртача, видеоёзув стационар қурилмада томоша қилишга мўлжалланган. Одатда, регистраторларнинг экрани бирров томоша қилиш учун мўлжаллангандир.

Бўғимли шаклда бириктириладиган ёки бурилувчи камерали. Шарнирли бириктирилган корпуснинг қисмларини буриб кузатиш бурчагини ўзгартирса бўлади, ҳаттоки объектив кўзчасини тегишли йўналишда созлаш мумкин. Бундай видеорегистратор универсалдир, аммо қиммат, қолаверса, қурилмани ҳадеб бурайверса, улаш шлейфи ишқаланиб кетиши мумкин.

Орқани кўрсатувчи кўзгу кўринишидаги. Бундай дизайн кўз олдида ортиқча тасвирни истамайдиган, минимализмга интилган ҳайдовчилар учун мақбулдир. Қолаверса, кўзгу-видеорегистраторни ҳар гал ўрнатиш ва олиш шарт эмас, ўғрилар ҳам пайқамайди. Тасвирни кўрсатадиган экран кўзгу сиртига ўхшайди. Кўплаб афзалликларига қарамай, бундай қурилмани савдодан учратиш қийин, қолаверса, нархи юқоридир.

Маҳкамлаш ва токка улаш. Видеорегистраторни кунига камида бир мартадан ўрнатиб-олишингизга тўғри келади, шунинг учун бу амал оддий ва осон бўлиши лозим. Маҳкамлашнинг кенг тарқалган йўли кронштейнни сўрғич ёки сўрғичлар тизимига маҳкамлашдир. Кўпинча, шарнирли кронштейн ёки эгилувчи устунчали қурилма ўрнатилади. Оёқчаси қимирламайдиган қурилманинг модули ёки корпусининг қисмини буриш орқали кузатиш бурчаги ростланади. Сўрғичли видеорегистраторни танлаётиб, кронштейнининг бурилувчи бўғимлари кўплигига диққат қилинг, чунки унда кўриш бурчагини ростловчи қисм бўлса-да, шарнир яхши сурилмаслиги мумкин. Ҳар куни ўрнатиладиган регистраторларнинг тузилишига кўра икки хили бор: сўрғичи билан тўла ўрнатиладигани ва доимий маҳкамланган сўрғич кронштейнидаги лўкидонга ўрнатиладигани. Биринчисининг афзаллиги олиб қўйилганида ортиқча мослама қолдирмаслиги ва ҳайдовчи эътиборини чалғитмаслигидир, аммо турли жойларга ўрнатилаверса сўрғичнинг думалоқ излари қолади, уни салфетка билан артиш керак. Иккинчисидан регистраторни олиб қўйса бўлади, аммо баъзида лўкидонга қурилмани ўрнатиш қийин кечади, ҳатто регистратор ўрнатилмаган ҳолатда ҳам ўғрилар эътиборини тортади.

Агар сўрғич тури сизни қониқтирмаса, регистраторни маҳкамлашнинг ихчамроқ ва оддийроқ йўли бор. Бу икки тарафлама ўта ёпишқоқ скотчдаги клипсдир. У машина ойнасига ёпиштирилади, регистратор эса ҳар сафар клипсга маҳкамланади ва кузатиш бурчаги созлаб қўйилади.

Регистратор танлашда ток ўтказгич симига эътибор қаратинг – у салонда осилиб ётмаслиги, кескин букилмаслиги ва халақит бермаслиги керак. Штекердан сим тўғри ва Г-симон тарзда чиқади. Г-симон шаклдагиси қулайроқдир, чунки кам жой эгаллайди.

Қўшимча функциялари

GPS/ГЛОНАСС датчиги. Сунъий йўлдош билан маълумот алмашади ҳамда машинанинг геожойлашуви ва тезлиги маълумотларини олади. Айрим регистраторлар тезликни назорат қилиши ва сигнал бериши мумкин.

Ёзишдан ҳимоя. Даврий қайта ёзиш вақтида тегишли тугма босилганда сўнгги сақланган видеолавҳани “дахлсиз”га айлантиради. Агар видеорегистраторда тезланиш датчиги (g-сенсор ёки акселерометр) бўлса, фаоллаштирилиши билан ёзишдан ҳимояланиш функцияси ишга тушади.

Кадрдаги ҳаракат датчиги. Электроника кадрдаги ҳаракатни аниқлаганида қурилма ёза бошлайди. Машинанинг олдини деворга тақаб қўйганингизда фойда бериши мумкин, аммо ишнинг қизиғи орқа томонида рўй беради, шундай эмасми 😉

Ички радар-детектор. Вазифаси икки хил бўлган қурилмаларни бир корпусда жамлайди. Бу ҳам ёмон эмас, аммо алоҳида қурилма доимо ўз ишини яхши бажариши маълумдир.

Иккинчи камера. Одатда, бу камера салонга қараган бўлиб, машина ичкариси ва орқасини тасвирга туширади. Қимматлигидан ташқари, съёмка учун боз устига икки баробар кучли процессор ва хотира сиғими зарур бўлади.

Масофадан бошқарув пулти. Сизга яхши таниш қурилма бўлгани учун таърифлаб ўтирмаймиз.

Фотосъёмка режими. Вазифаси ўта муҳим деб бўлмайди, чунки зарур вақтда видеоёзувни тўхтатиб расмга олиш даҳмазадир. Ундан кўра смартфонингиз билан керакли ҳолатни осонгина суратга туширасиз.

Видеоёзув формати, ички ва ташқи хотира қурилмалари

Видеоёзув формати уни турли қурилмалар ўқий олишини белгилайди. Видеорегистраторнинг AVI, MP4, MOV форматда ёзадиганини танланг, чунки видеолавҳани исталган компьютер ёки планшетда томоша қила оласиз. Тамоман бегона форматда ёзувчи қурилмани харид қилсангиз, компьютерга тегишли дастурини юкламагунингизгача видеони кўра олмайсиз, бу эса ортиқча ташвишдир. Энг универсал хотира карталари SD ва microSD саналади. microSD ўлчами жуда кичик бўлиб, SD слотларида мослагич орқали бемалол ўқиса бўлади. Мабодо хотира картаси компьютерингизда қолиб кетган тақдирда, қурилманинг ички хотира қурилмаси асқотади, аммо катта ҳажмли ёзувни барибир унда сақлаш тўғри келмайди.

Яна қандай жиҳатларига диққат қаратиш лозим?

Ҳозирда видеорегистратор ишлаб чиқарувчи фирмалар ўз микродастурини ўрнатиб ва бир қанча қўшимча имкониятлари билан чиқармоқда. Харид қилишда бренднинг ишончлилиги, кафолат муддатига эътибор беринг.

Ҳар қандай видеорегистратор ёзувга сана ва вақтни тушира олиши керак. Овоз ёзиш ва микрофонни ўчириб қўйиш функцияси ҳам бўлиши лозим. Хотира тўлганда эски ёзувларни ўчириб устига ёзади.

Бундан ташқари, эргономикасига диққат қаратиш керак, осонгина фаоллаштириладиган қурилма бўлсин. Бошқарув тугмаларини кўздан кечириб чиқинг. Кўпчилик фирмалар ихчам регистратор корпусидаги жойни тежаш мақсадида ҳар бир тугмага бир неча функция юклайди ва тугмалар турли режимда босиш узоқлигига қараб ҳар хил вазифани бажаради. Интуитив бошқариладиган қурилмани танланг, турли тушунарсиз пиктограммалар фойдаланишни мураккаблаштиради.

Ўзбекистонда 300 мингдан тортиб 1-2 млн сўмгача нархдаги видеорегистраторларни сотиб олиш имкони мавжуд. Радар-детекторли, сенсор бошқарувли, GPS/ГЛОНАСС навигация тизимлари билан ишлайдиган турларини топса бўлади.

Агар чўнтакни хафа қилмасдан регистратор сотиб олмоқчи бўлсангиз, турли оҳанжама функцияларига чалғимасдан тасвири тиниғини танланг.

Чўнтагингиз бақувват бўлса, ғаройиб дизайнли ва ажабтовур тузилишга эга, турли функциялар ва қулайликлари мавжуд видеорегистраторлар сизга мунтазир.

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"