Хакер универсал автопилот тизимини бепул қилди

Хакер универсал автопилот тизимини бепул қилди

Америкалик хакер Жорж Хоз автоном бошқаришга доир янги универсал тизим ўйлаб топди. Бу тизимни исталган автомобилга ўрнатиш мумкин. Автопилот тизими олдинроқ 999 доллар нарх билан сотувга чиқарилиши мумкин эди, бироқ АҚШлик масъуллар синов ўтказиш ва сертификатлашни талаб қилишди.

Хакер ўзи нима қилган эди? У дастур кодларини интернетга жойлади ва автопилотни хоҳловчилар бемалол юклаб олиши мумкин бўлди.

Comma One 3

Ҳаммаси Comma One деб номланган автоном бошқарув тизими яратилишидан бошланди. Comma One тизими OBD-II стандарт диагностик улагич орқали автомобилга уланган бошқарувчи компютер, GPS модул ва йўналтиргичдан (маршрутизатор) иборат. Автомобиль томига лидар ва олти видеокамера ўрнатилади, дастурий таъминот сифатида мустақил ўрганувчи нейрон тармоқ қўлланади. Тизим устида бир ойча ишланди, ўтган қисқа муддатга қарамасдан тизим ишга қодирлиги синовда исботланди — Comma One 64 км масофани 1 соатда мустақил тарзда босиб ўтди.

Автопилотнинг бошқарувчи модули орқани кўрсатувчи салон кўзгуси ўрнига ўрнатилади ва диагностик улагичга уланади. Бошқарув чоғида олд камера ва полосада машинанинг вазиятини тутиб борувчи датчиклар маълумотига асосланади. Буларнинг барчаси муваффақиятли текшириб кўрилди. Иш силлиқ кўчса, қурилма йил охиригача 999 доллар нархда харидорга тегиши керак эди.

Аммо АҚШнинг йўлларда ҳаракат хавфсизлиги Миллий бошқармаси (NHTSA) маҳсулотни сотишдан олдин тегишли синовдан ўтказиш ва сертификат олиш талабини қўйди.

Бундан ташқари масъуллар универсал дастурий-қурилмавий мажмуа учун батафсил техник тавсифнома, ўрнатиш бўйича йўриқнома, фойдаланиш бўйича қўлланма талаб қилди. Акс ҳолда буйруқ бажарилмаган ҳар бир кун учун хакер 21 минг доллардан жарима тўлашига тўғри келарди.

Натижада Жорж тижорий лойиҳани ёпди ва Америка назорат органларининг бюрократик топшириқларини адо этишни истамаслигини эълон қилди.

Аммо шунча меҳнат шамолга совурилиб кетаверадими? Жорж Хоз лойиҳа номини Comma Neo деб ўзгартирди ҳамда бошқарувчи модул ва дастурий таъминотнинг манба кодини интернетга жойлаб қўйди. Қурилмани ўзингиз йиғишингиз ва Android тизимида ишловчи смартфон ёки планшетга улашингиз мумкин, марҳамат.

Хакер шу йўл орқали автопилотнинг очиқ манба коди тизимни такомиллаштиради ва тобора ўрганиб боради, деб ҳисоблайди. Жорж Хоз Tesla автопилотини Apple iOS операцион тизими билан чоғиштирди, универсал дастурий-қурилмавий мажмуани эса автопилотларнинг “Андроид”ига айлантирмоқчи.

Comma One 2

Энди йўлини қилган кишилар машинасини автопилот тизими билан ўзи жиҳозламоқда. Тизим эса кун сайин мукаммаллашиб боради.

Сайтимиз хабарларини Одноклассникидаги саҳифамизда кузатиб боринг!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"