Янги йўл ўтказгич “Наврўз” байрамига тўёна бўлади!

Янги йўл ўтказгич “Наврўз” байрамига тўёна бўлади!

Аввал хабар берганимиздек, Тошкент шаҳрининг Муқимий — Бунёдкор кўчалари кесишмасида йўл ўтказгич қуриш ишлари давом этмоқда. Аммо ушбу лойиҳа борасида тарқатилаётган маълумотлар ҳамиша ҳам ҳақиқатга мувофиқ келмаяпти. Шу боис, бизнинг энг қизиқувчан (ахир автотранспортчилар ва автоҳаваскорлар учун йўл ҳақидаги гаплар ҳамиша муҳим) ўқувчиларимизга батафсил ва ишончли маълумотларни етказиб бериш учун мухбиримиз мутасадди идоралар билан ҳамкорликда махсус мақола тайёрлади.

Пойтахтимиз аҳли ва меҳмонлари орасида бугунги кунда Муқимий — Бунёдкор кўчалари кесишмасида узундан-узоқ тирбандлик юзага келиб қолаётганига гувоҳ бўлганлар кўп бўлса керак. Мутасадди идоралардан олинган маълумотларга қараганда, мазкур чорраҳанинг ўтказиш қобилияти аслида соатига 9000 та машинага мўлжалланган бўлиб, бугун ундан соатига 14000 атрофида машина ўтаётганлиги кузатилмоқда. Бу эса йўл ҳаракати жадаллигининг мўлжалдагидан қарийб 140 фоизга ошганидан далолат беради. Аҳоли ўртасида автомобиллар сонининг кескин ошиб бораётгани билан боғлиқ ушбу масаланинг ягона ечими эса йўл ўтказгич ёрдамида чорраҳа юкини енгиллатишдир.

Шунга кўра Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 19 сенябрдаги йиғилиши 73-сон баённомаси ва Тошкент шаҳар ҳокимиятининг тегишли қарорига биноан  Бунёдкор шоҳ кўчаси ва Муқимий кўчалари кесишувида янги йўлўтказгич қурилиши режалаштирилди. Ушбу қурилишга Тошкент шаҳар ҳокимияти (Ягона буюртмачи хизмати) инжиниринг компанияси буюртмачи этиб тайинланган бўлса, лойиҳа ишлари «ТошкентбошпланЛИТИ» давлат унитар корхонаси ва «Боштранслойиҳа» АЖ зиммасига юклатилган. Қурилиш ишларини амалга оширувчи бош пудратчи сифатида эса «Ўзбекистон темир йуллари» АЖнинг «Кўприкқурилиштрести» корхонаси танланган.

Тошкент шаҳрида олиб борилаётган қурилиш ва ободонлаштириш ишлари юзасидан ўтказилган сайёр йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи, Бош вазир (Айни пайтда сайланган Президент) Ш.Мирзиёев томонидан Бунёдкор шоҳ кўчаси бўйлаб, Муқимий кўчаси устидан ўтувчийўл ўтказгич қуриш ишларини самарали амалга ошириш бўйича ҳам тегишли ташкилотларга кўрсатмалар берилди. Жумладан, мазкур иншоотнинг мустаҳкамлиги, замон талабларига мослиги ва келажакда фойдаланиш учун қулай бўлишига алоҳида эътибор қаратиш, курилиш-монтаж ишларини сифатли бажариш бўйича тавсиялар айтилди.

Лойиҳага кўра бу ерда қурилажак йўл ўтказгичнинг узунлиги салкам 520 метрни (эстакада ва таянч деворлари қисмлари билан биргаликда) ташкил этади. Иншоотнинг автомобиль қатнов қисми кенглиги эса қарийб 22 метр бўлиши кўзда тутилган бўлиб, у 6 та ҳаракат йўли ташкил этиш имконини беради. Қарама-қарши қатнов қисмлари ўртасидан эса ажратувчи тасма ўтказиш лойиҳалаштирилган. Тасма бўйлаб 6 лампали ёритиш устунлари ҳам жойлашади. Шунингдек, йўл ўтказгичнинг икки томонидан эни 10 метрга яқин маҳаллий йўллар ҳам қуриш лойиҳалаштирилган. Кўприкдан ушбу маҳаллий йўлларга тушиш ва улардан кўприкка чиқиш учун эни 8 метрли, айланма шаклидаги туташма йўллар барпо этилади. Пиёда йўловчилар учун қулайлик яратиш мақсадида эса йўл ўтказгичнинг иккала томонидан Муқимий кўчасига кўндаланг тарзда ўтадиган, ҳар бирининг узунлиги 100 метрга яқин иккита ер усти пиёдалар йўлаги ҳам лойиҳалаштирилган. Аммо, маълум қилинишича, қурилиш жараёнидаги ҳолатга қараб юқорида келтирилган ўлчамларга ўзгаришлар киритилиши ҳам мумкин экан.

Шу ўринда маълумот сифатида айтиб ўтишимиз керакки, мазкур ишноот қурилиши муносабати билан Бунёдкор шоҳ кўчаси ва Муқимий кўчаси кесишмаси атрофидаги кўп қаватли уй-жойлар ҳамда бошқа объектларни ҳам замон талабига мос равишда тартибга келтириш, ҳудудда ободонлаштириш ишларини амалга ошириш, жумладан, иккита маҳалла гузари барпо этиш ишлари ҳам кўзда тутилган. Шунингдек, Бунёдкор шоҳ кўчасининг Ўзбекистон кучасидан Тошкент ҳалқа автомобиль йўлигача бўлган оралиғида йўлнинг ўрта қисмида жойлашган яшил майдонлар ўрнида ҳам ажратувчи тасма қуриб, автомобиль қатнов қисмини кенгайтиришга эришиш мўлжалланган.

Лойиҳада кўзда тутилган қурилиш-ободонлаштириш ишлари 2017 йилдаги «Наврўз» умумхалқ байрамига қадар тугалланиши мумкин. Агар шундай бўлса, тошкентликлар ва пойтахтимиз меҳмонлари учун бу иншоот баҳор байрамига ажойиб совға бўлади!

«Avto Plyus» газетаси билан ҳамкорликда тайёрланди

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.