Йиғлоқи автомобилча

Йиғлоқи автомобилча

Бу автомобилнинг ташқи қиёфаси ўпкаси тўлиб турган болачани эсга солади. Разм солиб қарасангиз, бошини силашингиз билан бақириб йиғлаб юборадиганга ўхшайди. Аммо у асло “йиғлоқи” эмас, чунки уни соҳилбўйи йўлтанламаслари ва Mighty Boy (Ботир бола) тижорий модели мотивлари асосида яратишган. Suzuki бу моделни ўтган асрнинг 80-йилларида ишлаб чиқарган. Натижада кабриолет, пикап ва кроссовернинг пишиққина омихта-мобили юзага келди. Томи матодан, ички девори ва полларига ёғоч қопланган, ихчамгина юкхонаси бор. Бу концепт кей-кар форматида яратилган (узунлиги 3,4 м ва кенглиги 1,5 м), бу формат ҳақида аввал хабар берган эдик. Салонда эса ёзилиб ўтириш учун иккитагина жой бор, иккинчи қатор ўриндиқлари ўнғай эмас. Олд панел сиртига юпқа фанер қопланган.

Mighty Deckни 658 кубли уч цилиндрли турбомоторча ҳаракатга келтиради. Зарур бўлганда генератор (S-ENE Charge тизими) вазифасини ўтовчи электромотор унга кўмакчи. Машинанинг олди тортади. Мистер Бинга хос бу машинага ўтириб, саргузаштлар излашингиз мумкин, албатта, қачонки, ушбу модель конвейерга етиб борганида.

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"