«Чиройли» авторақам: биржа орқали ёки ариза бўйича

«Чиройли» авторақам: биржа орқали ёки ариза бўйича

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Автомототранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва уларга рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини бериш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори эълон қилинди, деб ёзади Daryo.uz.

Ҳужжатга мувофиқ, автомобиль учун «чиройли» рақамни икки хил усулда қўлга киритиш мумкин.

Электрон кимошди савдоларда

Рўйхат бўйича I, Ia, III, IIIа типдаги автотранспорт воситалари учун рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгилари аукционга қўйилади.

Талабгор сифатида савдоларда иштирок этиш учун юридик ва жисмоний шахслар Интернет тармоғидаги биржанинг сайтида онлайн тартиботи бўйича рўйхатдан ўтишлари керак.

Автотранспорт воситалари учун РЎДРБ (рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиси)ни оширилган тўлов ставкаси бўйича бериш жараёнида қатнашишдан олдин талабгорлар биржа ҲКПда очилган ўз шахсий ҳисобварағига бошланғич нархнинг 10 фоизи миқдорида закалат ва биржа хизматлари учун битим қийматининг 5 фоизи миқдорида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг бюджетдан ташқари фондига йўналтириладиган воситачилик йиғимларини ўз ичига олган тўловни ўтказади.

Лот қўйилиши ҳафтанинг иш кунларида соат 10-00 дан 17-00 гача амалга оширилади.

Талабгорлар тўланган закалатлари билан таъминланган ҳажмларда буюртма бериш ҳуқуқига эгадирлар.

Савдолар босқичи Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда биржа томонидан белгиланади.

Ахборот тизими талабгорни айни пайтдаги энг яхши нарх тўғрисидаги маълумотлардан фойдаланишини таъминлайди. Талабгор муайян тартибот амал қилиш муддатининг исталган пайтида чекланмаган миқдорда нарх бўйича таклифлар бериш ҳуқуқига эга, бунда унинг нарх бўйича таклифи айни пайтда амалдаги энг яхши нархдан юқори бўлиши шарт. Нарх билан берилган буюртмани қайтариб олиш талабгор томонидан исталган пайтда амалга оширилиши мумкин, бунда унинг нархи айни пайтда энг юқори бўлмаслиги шарт.

Ваколатли орган томонидан белгиланган рақобат тартиботи муддатининг якунланиш пайтидан бошлаб, янги нарх таклифлари берилган тақдирда ахборот тизими тартиботни автоматик узайтириш режимида ишлайди. Ҳар сафар янада юқори нарх бўйича янги таклиф берилганда, рақобат тартиботи 10 дақиқага узайтирилади. Агар сўнгги таклиф киритилгандан сўнг 10 дақиқа мобайнида талабгорларнинг ҳеч бири томонидан янги, янада юқори нарх бўйича таклиф киритилмаса рақобат тартиботи якунланганлиги эълон қилинади.

Рақобат тартиботи ғолиби аниқланадиган кунда ахборот тизими унинг шахсий кабинетига беш иш куни мобайнида етишмаётган суммани тўлаш тўғрисида талабнома юборади.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги давлат хизматига ариза билан

Оширилган тўлов ставкалари бўйича харидоргир ҳарф ва рақамлар комбинациясига эга бўлган РЎДРБларни олиш учун транспорт воситаларининг эгалари доимий прописка қилинган жойидаги Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги давлат хизмати ҳудудий органларининг рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлинмаларига ҳарф ва рақамлар комбинациясини кўрсатган ҳолда белгиланган тартибда ариза билан мурожаат қилади.

Автотранспорт воситалари учун оширилган тўлов ставкаси бўйича жисмоний ва юридик шахсларга харидоргир ҳарф ва рақамлар комбинациясига эга бўлган давлат рўйхатидан ўтказиш рақами белгиларини бериш учун тўлов ставкаси, Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетига тўлиқ ҳажмда ўтказиладиган, энг кам ойлик иш ҳақининг бир юз эллик баравари миқдорида белгиланади.

Аризачига оширилган тўлов ставкаси бўйича харидоргир ҳарф ва рақамлар комбинациясига эга бўлган РЎДРБ брон қилинганлиги тўғрисида хабар берилгандан сўнг, аризачи уч иш куни мобайнида оширилган тўлов ставкаси бўйича харидоргир ҳарф ва рақамлар комбинациясига эга бўлган РЎДРБни бериш учун белгиланган тўлиқ тўлов суммасини тўлаши ва аризани қабул қилган ЙҲХДХ органига квитансияни тақдим этиши шарт.

Оширилган тўлов ставкаси бўйича харидоргир ҳарф ва рақамлар комбинациясига эга бўлган РЎДРБни берганлик учун тўлиқ тўлов суммаси тўлангандан сўнг, тегишли ҳудудий ЙҲХДХ органи бир ой мобайнида аризачига оширилган тўлов ставкаси бўйича харидоргир ҳарф ва рақамлар комбинациясига эга бўлган РЎДРБ берилишини таъминлайди.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.