E-Wolf: ўзингга ишонмасанг, суперкар ясама

E-Wolf: ўзингга ишонмасанг, суперкар ясама

Суперкар ясаш ҳамма компаниянинг ҳам қўлидан келавермайди. E-Wolf компанияси суперкарсозликка енг шимарди, аммо кўп ўтмай ортга чекинди. Шунга қарамасдан тезкор электромобиль ясашга муайян ҳисса қўшганини эътироф этса арзийди.

Немисларнинг E-Wolf компанияси ҳозир Solarwatt Innovation GmbH деб аталади ва аккумулятор ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Компания 2008 йилда электромобиль ясашга жазм қилган. Хусусан, 2011 йилда кўрсатилган E-Wolf Alpha-1 SRF спорткари эътибор қаратишга арзийди.

2009 йилда компания биринчи ўта енгил E-Wolf e-1 спортча машинасини тақдим этди. Тақдимот муваффақиятли ўтди, автомобиль ОАВни қизиқтирди. E-Wolf турли синфдаги спортча электромобиллар, хусусан, пойга болиди ҳам ясашни ўз олдига бош мақсад қилиб қўйди.

Ниҳоят, 2011 йилда мукаммал E-Wolf Alpha 1 SRF спортпрототипи тақдим этилди. Унинг тезлиги 230 км/соатгача чиқар, қуввати 375 от кучига тенг эди.

E-Wolf Alpha-1 SRF

Аммо кўп ўтмасдан E-Wolfнинг режалари бузилди. Компания Fiat Panda ва Nissan NV200 базасида Delta 1 ва Delta 2 ташувчи фургонларини тақдим қилди, сўнг эса Omega-Cargo пикапини ясашга киришди. Бу машиналарнинг ҳеч бири ёмон эмас, аммо улар билан “Формула” пойга йўлагини забт этиб бўлмаслигини ўзингиз яхши тушундингиз. Заводнинг юк ташиш йўлагини забт этса бўлади.

2014 йилда E-Wolf электромобиль яратиш ғоясидан узил-кесил воз кечди. Фургон ва пикапларнинг бозори ҳам қизимади. Пойгабоп машина ясашга эса маблағ етишмади. Шундан сўнг компания номини Solarwatt Innovation GmbH дея ўзгартирди ҳамда электр батареялари ишлаб чиқаришга ихтисослашди. E-Wolfнинг шонли режасидан E-Wolf Alpha 1 SRF суперкари ёдгор бўлиб қолди.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"