"Гаи" тузган баённомани қандай бекор қилдирса бўлади?

Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 26-моддасига биноан маъмурий судга фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги, маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар тааллуқлидир.

Шунингдек, кодекснинг 27-моддасига кўра Суд маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, давлат бошқаруви органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ва улар мансабдор шахсларининг қонунчиликка мос келмайдиган ҳамда фуқаролар ёки юридик шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш тўғрисидаги ишларни ҳал қилади.

Эътибор беринг! Кодекснинг 32-моддасига асосан фуқаронинг ёки юридик шахснинг аризаси (шикояти) қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилинаётган маъмурий орган жойлашган ер ёхуд мансабдор шахснинг иш жойи бўйича судга тақдим этилади.

Демак, Сиз маъмурий баённомани ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги ариза билан сизга баённома тузган орган жойлашган ер ёхуд мансабдор шахснинг иш жойи бўйича маъмурий судга мурожаат қилишингиз мумкин.