«Ғилдиракли тобут»: Энг хавфли автомобиллар! (фото)

«Ғилдиракли тобут»: Энг хавфли автомобиллар! (фото)

Бир қарашда деярли ҳамма машиналар пишиқ-пухта, сифатига гап йўқ. Рулга ўтиргандан кейин юзага келадиган муаммо баъзида энг сўнггиси бўлиши мумкин...

Экспертлар «энг хавфли автомобиллар» рўйхатини тузишди.

«Ford Explorer»

 

Ўтган асрнинг 90-йилларида чиқарилган «Ford Explorer» моделининг биринчи авлоди, шубҳасиз, «энг муаммоли» машина эди. Тасаввур қилинг, теп-текис йўлда кетаётган машина баллони ўз-ўзидан портлаб кетса... Муҳандислар кейинчалик конструктив нуқсонни тузатиб, «Explorer»ни қутқаришди.


«Geely CK1»

Хавфсизлик бобида аутсайдерлардан яна бири — «Geely CK1». Опцияларга бойлиги, нисбатан арзонлиги билан тилга тушган бу машина тўқнашувлар пайти консерва банкаси каби мажақланиб кетиши билан ҳам «машҳур» эди.

 

«Chevrolet Corvair»

 

«Chevrolet Corvair» — бурилишларда хавфли машина. Унинг иштирокидаги аварияларнинг кўпи тўнтарилиш билан тугарди. Машинанинг ўша пайтдаги техник хусусиятларини ҳисобга олсак, тўнтарилиш кўпинча ҳайдовчи ва йўловчиларнинг ҳаётига зомин бўларди.

 

«BMW Isetta»

 

«BMW Isetta» — илк митти машиналардан бири. Хавфлилиги айнан кичик жуссасида эди. Катта машиналар орасида бу машинани ҳайдаш таваккалдан бошқа нарса эмас. Хуллас, «Isetta» катта машиналар оқимида йўқ бўлиб кетди...

 

«DeLorean DMC-12»

 

«Келажакка қайтиш» фильми орқали барчанинг «орзу машинаси»га айланган «DeLorean DMC-12» аслида «тўрт ғилдиракли тобут» эди — йўлда бир кор-ҳол юз бергудек бўлса, биринчи навбатда ўша машҳур эшиклари панд бериб, эгаси учун нақ темир қопқонга айланарди.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.