GM Uzbekistan қошида мижозлар билан ишловчи марказ тузилди

GM Uzbekistan қошида мижозлар билан ишловчи марказ тузилди

«Ўзавтосаноат» АК тизими корхоналари раҳбарлари ва мутахассисларидан иборат махсус ишчи гуруҳ тузилди. Компаниянинг расмий сайтида маълум қилинишича, бундан мақсад Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган автомобилларни сотиш ва уларга хизмат кўрсатиш масалаларига боғлиқ бўлган фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш тизимини такомиллаштириш ҳисобланади.

«Ўзавтосаноат» АК бошқарув раиси ўринбосари Қобилжон Азимов бошчилигидаги ушбу ишчи гуруҳ фуқароларни қабул қилиш ва улар томонидан кўтарилаётган масалаларни объектив кўриб чиқиш ва асосли равишда ижобий ҳал қилиш вазифасини бажаради.

Маълум қилинишича, автомобил савдосига тегишли бўлган барча масалалар юзасидан бевосита дилер корхоналарига ёки GM Uzbekistan АЖнинг “Мижозларни қўллаб қувватлаш маркази” (Call-Center,  +998 71 141 77 77) орқали мурожаат этиш мумкин.

Маълумотномада шунингдек, фуқаролар мурожаатлари, улар қайси воситалар орқали етказилганидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикаси Бош Вазирининг Виртуал қабулхонаси аппаратига ҳисобот тариқасида мунтазам равишда етказилиши ва ҳар бир мурожаат юзасидан амалга оширилган чоралар ҳақида маълумот берилиши билдирилган.

Ҳар бир мурожаат расмий ҳужжатлаштириб, тез фурсатда ва мурожаат қилувчига қулай бўлган услубда кўриб чиқилиши кафолатланган.

Шундай ишчи гуруҳ GM Uzbekistan томонидан ҳам тузилган. АЖ томонидан ишлаб чиқарилаётган автомобиллар савдоси ва уларга хизмат кўрсатиш масалалари бўйича жамият бош директори в.в.б. Рустам Бахтиярович Ражабов бошчилигидаги ишчи гуруҳга фуқароларни қабул қилиш ва улар томонидан кўтарилаётган масалаларни атрофлича кўриб чиқиш ва асосли равишда ижобий ҳал қилиш вазифаси юклатилган.

Фуқароларни қабул қилиш  ҳар куни соат 8:00 дан 11:00 гача GM Uzbekistan АЖ биносининг 107-хонасида амалга оширилмокда.

Қайд этиш керакки, Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёевнинг виртуал қабулхонасига ўз таклиф ва шикоятлари билан мурожаат қилувчи фуқаролар сони ошиб боргани сайин, ушбу мурожаатларга ўз вақтида жавоб берилиши ҳамда ҳал қилиниши юзасидан назорат ҳам кучайтирилмоқда. Шунингдек, ҳар бир мурожаат қатъий назоратга олиниб, фуқароларнинг мурожаатларига нисбатан бефарқлик билан қараган масъул шахслар жазога тортилмоқда.

Сайтимиз хабарларини Одноклассникидаги саҳифамизда кузатиб боринг!

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.