Ҳаваскор автомеханикнинг 5та энг керакли ва оддий асбоби

Ҳаваскор автомеханикнинг 5та энг керакли ва оддий асбоби

Орамизда ҳаётини автомобилсиз тасаввур этолмайдиган одамлар бор. Улар ўз машинасини ўзи тузатишга иштиёқи баланд, гаражда машинасини кавлаштираётганларга ҳавас қилади. Асли машинага қараш кўп қийин иш эмас. Вақт, иштиёқ ва иш қуроли бўлса етарли. Иш қуролисиз бир кичик гайкани ҳам буролмайсиз, ғилдиракни чиқаролмайсиз.

Автомобилнинг бирор қисмини тузатиш учун бизга бир дунё асбоб-ускуналар керак бўладигандай туюлади. Бир ҳисобда тўғри – иш қуролинг соз бўлса машаққатинг оз бўлур. Ёмон асбоб билан қийналмасдан сифатлиси билан ишлаганга нима етсин. Бироқ бир дунё асбоб-ускунани харид қилсак, унга ҳар куни эҳтиёж туғилмайди-да.

Аммо шундай асбоб-ускуналар борки, нархи арзимас бўлса-да, кўп ишни бажаришда қўл келади.

Қуйида арзон, аммо ҳаваскор усталар учун фойдаси кўп тегадиган бешта асбобни санаб ўтамиз.

Тушиб кетган майда деталларни олувчи пайпаслагич михчўп

Ўзимизнинг “Москвич”, “Жигули” ва “Волга”ларда капотни очсанг – асфальтни кўрасан. Яъни мотор бўлмасида жойлашган қисмлар ораси очиқ. Ҳозирги автомобилларнинг капот остидаги қисмлари азбаройи зич жойлашганидан игна ташласа ерга тушмайди. Ерга тушмайди, лекин қўл билан олиб бўлмайдиган жойга илиниб қолади.

Шундай чорасиз ҳолатда пайпаслагич михчўп ёрдам беради. Нархи 4-5 доллар. Учидаги магнитига майда темир деталлар ёпишади, ёпишмайдиган буюмларни “тишлаб” олади. Беш-ўн сўм қўшсангиз, диод чироқчалигидан беради.

Телескопик кўзгу

Автоусталар айтишича, машинанинг ҳеч бўлмаганда битта болт ёки гайкаси оддий йўл  билан топиб бўлмайдиган жойга қотирилади. Бунда сизга телескопик кўзгу ёздамлашади. Унга қараб бурагични тегишли болтнинг қалпоғига ўрнаштира оласиз.

Шарнирли бурагич калит

Керакли болтни пайпаслагич михчўп ёрдамида топдингиз дейлик. Аммо уни қўл етмас жойга қандай қилиб қотирасиз? Шарнирли бурагич (ключ с шарнирной головкой) бундай ҳолатда айни муддаодир. Оддий бурагичдан кўра қулай, қўлни толиқтирмайди.

Кичик маслаҳат: шарнирли бурагични 5-6 долларга харид қилсангиз бўлади, аммо 15-20 доллар турадиганидан олишни маслаҳат берамиз. Қимматлик қилса, ишлатилганидан олинг.

Темир деталлар учун магнитли тоғорача

Машинанинг турли-туман майда эҳтиёт қисмлари йўқолиб қолаверса, машинанинг ўзи ҳам  кун келиб тўкилиб кетади. Майда деталларга синчков бўлинг, тартиб билан сақланг. Бунинг учун туби магнитли тоғорачадан фойдаланинг. Темир деталлар унга ёпишиб қолади, идиш тўнтарилса ҳам тўкилиб кетмайди. Тоғорачанинг ўзини бирор металл юзага ўрнаштириб қўйишингиз мумкин. Машинанинг устига қўйса ҳам бўлади. Ҳатто билмасдан юриб кетганингизда ҳам тушиб кетмайди :).

Рақамли арзон фотоаппарат

Сизга бир сирни очамиз: автоуста учун рақамли фотоаппаратнинг аҳамияти бурагичникидан кам эмас. Автомобиль йўриқномасига тушунмасангиз ёки деталларни ечиш ва йиғиш кетма-кетлигини эсдан чиқаришдан хавотирлансангиз, ҳар бир жараёнини алоҳида расмга олинг. Сўнг расмларни варақлаганча шу жараённинг тескарисини бажаришингиз мумкин.

Фотоаппаратнинг қимматидан олиб ёки смартфонингизни овора қилиб ўтирманг. Чўнтакни асрагингиз келса, ишлатилган фотоаппарат харид қилинг.

Бугунча маслаҳатларимиз шулар. Сиз-чи, ҳурматли автоҳаваскор, қайси асбоб-ускуналарни маъқул кўрасиз? Машина тузатмайман дейсизми? Унда автоусталарни бой қилиб юраверинг 😉

Carzone.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"