Ҳайдовчи "права"ни йўқотса, қайта имтиҳон олмасдан дубликат бериш тизимини кўриб чиқиш керак

Ҳайдовчи

❓Ҳайдовчилик гувоҳномаси йўқотиб қўйилса, янгисини олиш учун имтиҳон топшириш керакми?

✅ ЖАВОБ: Ҳа, шундай. Аммо доим ҳам қайта имтиҳон топшириш шарт эмас.

❓Қандай истиснолар бор?

✅ ЖАВОБ: Агар "права" ўғирланган, ёнғин, табиий офат оқибатида ва бошқа шу каби сабабларга кўра йўқолган ҳамда дахлдор ваколатли идораларнинг ҳужжатлари билан тасдиқланган ҳолатларда қайта имтиҳон топшириш талаб этилмайди. Масалан, Сардоба сув омбори фожиаси натижасида сувга оқиб кетган "права"ларни тиклаш учун фуқаролардан қайта имтиҳон топшириш талаб қилинмаган эди.

Демак, фақат йўқотиб қўйилгандагина қайта имтиҳон топшириш талаб этилади.

❓ Бу қоидани қачон киритишган, аввал ҳам бормиди ўзи?

✅ ЖАВОБ: бу қоида 1998 йил 19 октябрдаги 445-сонли Ҳукумат қарорининг 5.12-бандида бўлган. Лекин ушбу қарорда йўқотилган "права" учун фақат назарий имтиҳонлар топширилиши белгиланган.

2006 йил 2 августдаги 156-сон Ҳукумат қарори билан янги Низом қабул қилинди. Низомнинг 72-бандида худди 1998 йилда бўлганидек, йўқолган ҳайдовчилик гувоҳномасининг дубликати назарий ва амалий имтиҳонлар топширилганидан сўнг берилиши қайд этилди. Асос.

2018 йил 31 майдаги 408-сон Ҳукумат қарори билан яна янги Низом қабул қилинди. Ушбу Низом ҳозир ҳам кучда. Низомнинг 69-бандида худди аввалги Низомларда бўлганидек, йўқолган "права"нинг дубликати назарий ва амалий имтиҳонлар топширилганидан сўнг берилиши белгиланди. Асос.

 Кўриб турганингиздек, ушбу қоида 1998 йилдан буён бор. Балки ундан ҳам олдин бўлгандир, лекин мен бунга оид ҳужжатларни тополмадим.

❓Бу қоида керакми ўзи?

✅ ЖАВОБ: Ҳозир керакмас.

Катта эҳтимол билан ушбу қоида фирибгарлик ва сохта ҳайдовчилик гувоҳномалари берилишининг олдини олиш мақсадида жорий этилган. Яъни умуман "права"си йўқ одам, "йўқотиб қўйдим" деб алдаб, ўрнига янгисини ололмаслиги учун қилинган. Чунки 90-йилларда буни текширишнинг имкони бўлмаган ёки сохталаштириш осон бўлган. Аммо бир неча йилдан буён тизимлар электронлаштирилиб, бундай алдовларнинг олди олинган. Ким қачон "права" олгани электрон базада бор ва буни текшириш жуда осон. Шу сабабли қайта имтиҳон топширтириш эҳтиёжи бугунги кунда йўқ ва бу мантиққа ҳам зид. "Права" йўқотиб қўйилгани ёки айтайлик бирор жойда тушиб қолгани, бу ўша ҳайдовчининг малакаси ва билими ҳам йўқолиб кетди, дегани эмас.

Шу сабабли йўқолган "права"лар учун дубликат бериш тизимини қайта кўриб чиқиш керак. Агар электрон базада унинг ҳақиқатдан ҳайдовчилик гувоҳномаси борлиги аниқланса, унда қайта имтиҳон олмасдан, тегишли тўловини ундириб, ҳайдовчилик гувоҳномасининг дубликатини бериш керак.

Carzone.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!