Ҳиндлар йўлга уч ўлчамли “зебра” чизишди

Ҳиндлар йўлга уч ўлчамли “зебра” чизишди

Ҳиндистоннинг Аҳмадобод шаҳри автойўлларидан бирида пиёдалар кесиб ўтиш йўлаги уч ўлчамли тасвирда белгиланди. Кўндаланг йўл-йўл тасма ҳайдовчига худди йўлдаги паст тўсиқ сингари тасаввурни беради. “Ҳажмли зебра”ни шаҳар ҳокимияти энг тиғиз чорраҳалар ва пиёдалар кўп кесиб ўтадиган йўл қисмларида синаб кўрмоқда.

Пиёдаларни уриб юбориш ҳолатлари йўл-транспорт маъмуриятининг асосий муаммоларидандир, чунки Ҳиндистон деганда, аввало, аҳолиси зич шаҳарлар кишининг кўз олдига келади ва муаммонинг сабаби ҳам шу. Статистика аниқлашича, йўл-транспорт ҳодисаси туфайли йилда Ҳиндистоннинг 150 мингдан ортиқ аҳолиси ҳаётдан кўз юмади. Автоҳалокатларнинг ўндан бири йўллар ва огоҳлантирувчи белгилар ҳолати ёмонлигидан юз беради.

Оптик иллюзияни йўлларда биринчи марта америкаликлар 2008 йилда тажриба қилиб кўрган. Ўшанда Филаделфияда ҳайдовчи тезлигини пасайтириши учун йўлдаги тўсиқ расми чизилганди.

Ҳиндистон ҳукумати мазкур тажрибани муваффақиятли ҳисобламоқда, аммо вақт ўтгач кўз ўрганиб таъсири сусайиши мумкин. Шунга қарамай, кўзланган бирламчи мақсад уч ўлчамли йўл белгиси орқали ҳайдовчиларнинг идрокига таъсир кўрсатишдир.

Сайтимиз хабарларини Одноклассникидаги саҳифамизда кузатиб боринг!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"