Hyundai “ақлли” автомобиль ишлаб чиқармоқчи

Hyundai “ақлли” автомобиль ишлаб чиқармоқчи

Hyundai келажак автомобилини ўзи гавдалантиришга қарор қилди. Янгича автотехнологияда булутли хизмат платформасидан фойданилади, у орқали машиналар ўзаро хабарлашади. Лойиҳа номи Car to Life бўлиб, уни корейс автомобилсозлари номи ҳозирча номаълум ҳамкорлар билан бирга амалга оширишмоқчи.

“Ақлли” автомобиллар йўлнинг ҳолати, трассанинг хавфли қисми ёки автоҳалокатлар ҳақида бир-бирига маълумот бериб юради. Бундан ташқари, масофадан хизмат кўрсатиш маркази узоқдан туриб автомобилдаги носозликка ташхис қўя олади. Янги технология ҳаракат хавфсизлигини янада оширади ва автоном автомобилларга асқотади, деб ҳисоблайди компаниядагилар.

“Ақлли” автомобиль, шунчаки, транспорт воситаси эмас, ғилдиракли компьютернинг ўзгинаси”, дейди Hyundaiчилар.

Аввалроқ, Toyota ва Microsoft биргаликда “келажакнинг янги автомобили технологияси” устида ишлашга киришганди. Техас штатидаги Toyota Connect марказида тизим қурилади. Технология Майкрософтнинг Azure булутли хизматидан фойдаланади. Янги технология билан жиҳозланган Тойота машиналари ҳаракат йўналишини эслаб қоладиган, автотураргоҳ ҳақини олдиндан тўлайдиган ёки ўнғай йўналишни ўзи танлайдиган бўлади. Бундан ташқари, машина эгасининг саломатлигини кузатиб туради, рулдаги датчиклар пулсини ўлчайди.

Тойотанинг янги технологияли автомобиллари қачондан бошлаб ялпи ишлаб чиқарилиши ноаниқ. Улар энг биринчи Шимолий Америкага, сўнг бошқа мамлакатларга тарқайди.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"