Icona Vulcano Titanium – яна бир қимматбаҳо суперкар

Icona Vulcano Titanium – яна бир қимматбаҳо суперкар

Icona компанияси ўз суперкарига Vulcano Titanium деган ҳашамдор ном берди.

Компаниянинг интернационал жамоаси бу автомобиль устида беш йил ишлади. “Икона”нинг дизайн-бюроси Туринда жойлашганига қарамай ҳозирги пайтда фирманинг штаб-квартираси Шанхайга кўчди. Энди Icona Vulcano суперкарини қайсидир маънода Хитойга нисбат берсак ҳам бўлади.

Дастлаб Icona Vulcano концепт кўринишида 2013 йилда Шанхай автосалонида намойиш этилган. Серияли нусхасини эса шу йилнинг 1 сентябр куни Англияда кўришимиз мумкин.

Илгари Nissan ва Jaguar Land Rover билан шуғулланган француз дизайнери Самюэль Чюффар машина дизайни устида ишлади. Двигателини италиялик моторсозлар тайёрлади. Шасси ва кузовини лойиҳалаш эса Италиянинг Tecnocad Progetti ва Cecomp фирмаларининг чекига тушди.

Икки ўриндиқли суперкарга 6,2 литрли саккиз цилиндрли двигатель ўрнатилади,  унинг қуввати 670 от кучига, айлантириш моменти 840 Н∙мга тенг. Мотор Chevrolet Corvette C6 ZR1дан олинган. 2,8 сонияда юз тезликни забт этади, энг юқори тезлиги соатига 355 км. Тормоз механизмлари карбон-керамикадан тайёрланган. Салон алкантар билан сайқалланган. Ҳайдовчи қаршисидаги планшет ёрдамида машина тизимини бошқариши мумкин. Суперкар 20 ва 21 дюймли спортча дискларга эга.

Icona Vulcano Titanium қўлда йиғилади, бунинг учун 10 минг соат вақт лозим. Машина жуда ноёб бўлгани туфайли аниқ буюртмачи учун доналаб ясалади холос.

Автомобиль баҳоси 2,5 млн евро ёки 2,78 млн доллар. Ҳа, бу жуда катта пул, аммо бадавлат автоколлекционерлар бу нархга қошларини кўтаришмайди.

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"