Икки ўринли митти автомобил BMW компаниясини банкротликдан қандай асраб қолганди?

Икки ўринли митти автомобил BMW компаниясини банкротликдан қандай асраб қолганди?

1955 йилда BMW компанияси италияликлар лойиҳалаштирган икки ўринли митти автомобилни ишлаб чиқара бошлайди. Ана шу автомобиллар компанияни банкрот бўлишдан сақлаб қолади. Бу ўша пайтда кўпчиликнинг меҳрини қозонган Isetta автомобили эди.

1950 йиллар немис автомобилсозлик компаниялари учун оғир келади. Иккинчи жаҳон урушида барча заводлар авиазарбалар оқибатида вайрон бўлган, уларни қайта тиклаб ишни янгитдан бошлаш керак эди.

Немис автомобилсозларининг қийин вазиятга тушиб қолиши уларга рақобатчи бўлган АҚШ, Буюк Британия, Франция автомобил саноатининг ривожланишига туртки бўлди. Энди немислар қандай қилиб бўлса ҳам йўқотган мавқейини қайтариб олиши зарур эди. Шу жумладан, BMW компанияси ҳам.

BMW’нинг Мюнхендаги штаб-квартираси / Фото: autoconsulting.com.ua

BMW компанияси азалдан сифатга жиддий эътибор берган ҳолда автомобил ишлаб чиқарган. Компания автомобилларини асосан ўзига тўқлар сотиб олар, улар орасида ўртаҳолларнинг чўнтаги кўтарадиган арзон автомобил йўқ эди. Уруш туфайли вазият ўзгаради. Энди одамлар қиммат автомобилларни сотиб ололмасди.

Фото: iedeiblog.com
Фото: https://adska.ru/

Шундан сўнг компания жамиятнинг барча қатламларига мўлжалланган ҳамёнбоп ҳамда тежамкор автомобил чиқара бошлайди ва бу иш BMW'ни банкрот бўлишдан сақлаб қолади.

Компаниянинг қисқача тарихи

BMW компаниясига 1916 йилда Карл Фридрих Рапп асос солган. 1917 йилда у расмий рўйхатдан ўтказилган. Компания номи Bayerische Motoren Werke AG (Бавария мотор заводи) қисқартмасидан олинган. Компания автомобиллардан ташқари авиация ва автомобил саноати учун двигателлар ҳамда мотоцикллар ишлаб чиқарган. Кейинчалик СССРда ишлаб чиқарилган «Урал» ва «Днепр» мотоцикллари ҳам айнан BMW компанияси маҳсулоти ҳисобланади. Советлар BMW R71 мотоциклини рухсат олмасдан ишлаб чиқарган.

Иккинчи жаҳон уруши тугагандан сўнг немис автомобилсозлик компаниялари орасида энг қийин вазиятга BMW тушади. Компаниянинг асосий бешта заводидан тўрттаси СССР назорати остида бўлган шарқий Германияда жойлашганди. Шу сабабли компания улардан умидини узади. Ғарбий Германияда жойлашган ягона завод ҳам авиазарбалар оқибатида бутунлай вайрон бўлганди.

BMW’нинг урушда вайрон қилинган заводи / Фото: www.w2.zoomit.ir

Компания 1947 йилда иттифоқчилардан (АҚШ, Франция ва Буюк Британия) қайта фаолият учун рухсат олади ва Германия ғарбидаги заводни қайта тиклай бошлайди. Аммо барчасини бошидан бошлаш қийин бўлади. Бунинг устига бошқа автомобилсозлик компаниялари билан рақобатга киришиш осон эмасди. Ана шундай ҳолатда компания банкрот бўлиш ёқасига келиб қолади.

Нажот

Компания 1951 йилда урушдан кейинги илк русуми – BMW 501 автомобилини ишлаб чиқаради. Ушбу автомобилнинг нархи жуда қиммат бўлиб, урушда батамом вайрон бўлган Германия аҳолисида қиммат автомобилларни сотиб олишга пул йўқ эди. Шу сабабли BMW 501 унча оммалашмайди.

Ана шу жойда компания раҳбарияти банкрот бўлиб қолмаслик учун ҳаммани бирдай қизиқтира оладиган, тежамкор ҳамда ҳамёнбоп автомобил ишлаб чиқариш лозимлигини англаб етади.

1954 йилда Женева автосалонида намойиш этилган, италиялик автомобилсозлар ишлаб чиқарган икки ўринли Isetta русумли автомобили BMW раҳбариятининг эътиборини тортади. Ушбу автомобил ихчам ва тежамкор бўлиб, шаҳар шароитига жуда мос эди.

Iso Isetta / Фото: www.youngheaven.us

Шундан сўнг компанияда мазкур русумни ишлаб чиқариш учун унинг лицензиясини сотиб олиш муҳокама қилинади.

Isetta

1950-йилларнинг бошида Италиянинг уй-рўзғор буюмлари ва мотороллер ишлаб чиқарувчи Iso SpA компанияси автомобил ишлаб чиқаришни режалаштиради. Компания раҳбари Риволта Ренцо мазкур автомобил ихчам ва тежамкор бўлиши талабини қўяди. Шу тариқа компаниянинг икки нафар муҳандиси раҳбарнинг талабига мос тушадиган автомобил лойиҳасини яратишади.

Улар яратган автомобил мотороллердан бироз фарқ қиларди холос. Аммо унинг имкониятлари анча яхши эди. Автомобил икки ўринли бўлиб, унга 9,5 от кучига эга тежамкор двигател ўрнатилганди. Италияликлар янги автомобилга компания номига ҳамоҳанг тарзда Iso Isetta деб ном беришади.

Фото: pikabu.ru

Италия компаниясининг молиявий имкониятлари унча юқори эмасди. Шу сабабли улар ихчам автомобилнинг лицензиясини сотишга қарор қилишади.

1954 йилда Франциянинг VELAM компанияси италияликлардан Iso Isetta автомобилини ишлаб чиқариш лицензиясини сотиб олади. Орадан бироз ўтиб, францияликлар мазкур автомобил кузовидан фойдаланиш ҳуқуқини BMW га сотади. 1955 йилда лицензия бразилияликларга ҳам сотилади.

Шу тариқа, ушбу ихчам автомобил Францияда VELAM Isetta, Ғарбий Германияда BMW Isetta, Бразилияда эса Romi-Isetta номи билан чиқарилади.

BMW Isetta

1955 йилда BMW компанияси Isetta’нинг кузовидан фойдаланишни қўлга киритгач, унга 13 от кучи қувватига тенг двигател ўрнатиб ишлаб чиқара бошлайди. BMW Isetta тез орада ГФР аҳолисининг севимли автомобилига айланади. Автомобил айниқса шаҳарларда яшовчилар ўртасида тез оммалашади. Мазкур машина тежамкор, ихчам бўлиш билан бирга, нархи ҳам арзон эди. Ўша пайтда у 2650-2710 марка сотилган.

Фото: info.drom.ru

1956 йилда Сувайш канали бўйича можаро келиб чиқади. Миср президенти Жамол Абдул Носир Буюк Британия ва Франциядан унинг эгалигини тортиб олади. Оқибатда уруш бошланиб, канал ёпилиб қолади. Шундан сўнг Европа мамлакатларида ёнилғи инқирози бошланади. Бу ҳолат тежамкор автомобил ишлаб чиқараётган BMW компаниясига қўл келади ва BMW Isetta’га талаб кескин ошиб кетади. Компания яхши даромад ола бошлайди.

1964 йилгача BMW компанияси 160 минг дона BMW Isetta сотади. Бу ўша давр учун яхши натижа эди. Компаниянинг рақобатчилари бу пайтда йирик ўлчамли, ёнилғи сарфи кўп бўлган автомобиллар ишлаб чиқарарди. Орадан бироз ўтиб, BMW ҳам Isetta’нинг 3 эшикли, 4 ўринли русумини ишлаб чиқаришга ўтади ва у қулайликда рақобатчилар ишлаб чиқараётган қиммат автомобиллардан унча қолишмасди.

BMW Isetta 600  / Фото: www.bonhams.com

Саккиз йил давомида Isetta уч хил кўринишда ишлаб чиқарилади. Уларнинг 1 эшикли, 2 ўринли варианти BMW Isetta 250, BMW Isetta 300 номлари билан, 3 эшикли, 4 ўринлиси BMW Isetta 600 номи остида бозорга чиқарилган. Ўша пайтда BMW Isetta’нинг энг ажралиб турган жойи унда рул чамбараги эшикда жойлашган эди. Яъни митти автомобилнинг ягона эшиги унинг олд тарафига ўрнатилган ва рул чамбараги унга бириктирилганди.

BMW Isetta’нинг рақобатчилари

Ўтган асрнинг 50-йилларида ихчам ва тежамкорликда Isetta автомобиллари ягона эмасди. Яна бир қатор автомобилсозлик компаниялари бундай турдаги автомобилларни ишлаб чиқарган. Улар орасида энг машҳури Volkswagen Beetle эди. Volkswagen Beetle автомобил ихлосмандлари орасида «қўнғизча» номи билан машҳур.

Volkswagen Beetle / Фото: motorious.com

Volkswagen мазкур ихчам автомобилни ишлаб чиқаришни 1938 йилдан бошлаган. Урушдан сўнг Volkswagen компанияси ҳам айнан Volkswagen Beetle туфайли тез оёққа туриб олганди. Мазкур автомобил 2003 йилгача янгиланган ҳолда ишлаб чиқарилган.

Урушдан сўнг BMW Isetta’га рақобат қилганлардан яна бири Франциянинг Citroën компанияси томонидан 1948 йилдан бошлаб ишлаб чиқарилган Citroën 2CV автомобили эди. Мазкур автомобилнинг нархи жуда арзон бўлгани учун у асосан ўртаҳол ва ундан паст даражада яшаётган францияликлар орасида жуда оммалашади. Citroën 2CV автомобили 1990 йилгача ишлаб чиқарилган.

Citroën 2CV / Фото: hdd-motors.at

Messerschmitt KR200 – ушбу автомобил иккинчи жаҳон урушида Германия армиясини самолёт билан таъминлаган Messerschmitt компаниясининг маҳсулоти эди. Гап шундаки, уруш тугагандан сўнг иттифоқчилар мазкур компанияга самолёт ишлаб чиқаришни тақиқлаб қўйишади. Шундан сўнг Messerschmitt мотоцикл, мотороллер ва ногиронлар учун моторли аравача ишлаб чиқара бошлайди.

Орадан бироз ўтиб, компания уч оёқли Messerschmitt KR200 – кабинали мотороллер ишлаб чиқара бошлайди. Бу мотороллерлар урушдан сўнг иқтисодий ҳолати яхши бўлмаган кўплаб одамлар учун тежамкор транспорт воситаси ролини бажаради.

Messerschmitt KR200 / Фото: Motor Globe

Мазкур мотороллернинг ташқи кўриниши автомобилнинг ўзи эди. Messerschmitt KR200 1955 йилдан 1964 йилгача ишлаб чиқарилган. Messerschmitt компанияси 1956 йилда яна самолёт ишлаб чиқариш учун рухсат олади. Шундан сўнг компания Messerschmitt KR200 ишлаб чиқарувчи бўлимини сотиб юборади. 1962 йилдан бошлаб Messerschmitt KR200 га талаб кескин камая бошлайди ва 1964 йилда уни ишлаб чиқариш тўхтатилади.

BMW Isetta’нинг техник тавсифлари:

Ишлаб чиқариш бошланган йил: 1955 йил (Iso Isetta 1953 йилдан, VELAM Isetta 1954 йилдан, Romi-Isetta 1955 йилдан);

Ишлаб чиқарган давлат: Германия Федератив Республикаси (Франция ва Бразилияда ҳам ишлаб чиқарилган)

Платформа: Iso Isetta

  • Кузов тури: купе — 1 эшикли, 2 ўринли (1957 йилда 3 эшикли ва 4 ўринли BMW Isetta 600 ишлаб чиқарилган);
  • Двигатель ҳажми: 13 (бензин) от кучига тенг;
  • Трансмиссия: механик узатма қутида — 4 – босқичли;
  • Узунлиги: — 2285 мм (BMW Isetta 600 да 2900 мм)
  • Эни: 1380 мм (BMW Isetta 600 да 1400 мм);
  • Баландлиги: 1340 мм (BMW Isetta 600 да 1375 мм);
  • Максимал тезлиги: соатига 85 км (BMW Isetta 600 да соатига 100 км);
  • Ғилдирак базаси: 1500 мм (BMW Isetta 600 да 1700 мм);
  • Оғирлиги: 360 кг (BMW Isetta 600 нинг оғирлиги 515 кг;
  • Автомобилнинг двигатели орқада, эшиги эса олд қисмида бўлган. Рул чамбараги эшикка ўрнатилган.

BMW компанияси BMW Isetta автомобилларининг муваффақиятли савдоси ортидан банкрот бўлишдан сақланиб қолади, балки яхши фойда ҳам кўради. BMW Isetta автомобиллари нафақат Германияда, балки Европанинг бошқа давлатларида ҳам одамларнинг севимли автомобилига айлана олди. Шу сабабли, 1957 йилда BMW Буюк Британияда ҳам BMW Isetta автомобилларини ишлаб чиқара бошлайди. 1958 йилда Франция компанияси VELAM Isetta автомобилларини ишлаб чиқаришни тўхтатгач, BMW Isetta’нинг савдо кўрсаткичи яна ошади.

BMW компаниясининг оёққа туриши

BMW Isetta туфайли банкрот бўлишдан сақланиб қолган компания 1959 йилда BMW 700 русумли автомобил ишлаб чиқара бошлайди. Ушбу автомобил 2 ўринли бўлиб, ташқи кўриниши анча замонавий эди. Шу сабабли у ҳам тез оммалашади.

Компания олти йилда BMW 700 автомобилидан қарийб 200 мингта ишлаб чиқариб, сотишга эришади. Мазкур автомобил 1959 йилдан 1965 йилгача ишлаб чиқарилган. BMW 700 автомобили BMW R67 мотоциклининг двигатели ўрнатилган ҳолда ишлаб чиқарилади. Мазкур двигателнинг қуввати 32 от кучига тенг бўлиб, у соатига 125 километр тезликка эриша олган.

BMW 700 / Фото: www.vijesti.me

BMW 700 автомобили компаниянинг BMW Isetta’дан кейинги энг яхши лойиҳаси эди. Айнан шу русумдаги автомобилларнинг муваффақиятли савдосидан кейин BMW банкрот бўлиш хавфидан батамом қутулиб кетади.

BMW ҳозирги кунда

Бугун BMW дунё автомобилсозлик компаниялари орасида ўз ўрнига эга. Компания автомобиллар ишлаб чиқариш ва уларнинг савдоси бўйича юқори ўринларни эгаллайди. BMW русумларининг аксарияти қиммат ва компания эндиликда арзон автомобилларни умуман ишлаб чиқармайди.

Биргина мисол, BMW 2021 йилда қиммат автомобиллар савдосида Mercedes-Benz ва Tesla’ни ортда қолдириб, дунёда биринчи ўринни эгаллаган. Шунингдек, компания 2021 йилда 2,2 миллион дона автомобил ишлаб чиқариб сотган ва умумий ҳисобда 10-ўринни эгаллаган.

Фото: www.alamy.com

Ўтган асрнинг 50-йилларида банкротлик ёқасида турган компаниянинг сўнгги йиллардаги айланма маблағи 100 миллиард евродан ошиқроқни ташкил этмоқда. Соф фойдаси эса 5-6 миллиард еврога етган. Бугун BMW корхоналарида 130 минг нафардан зиёд ишчи-ходим бор ва компания активлари 200 миллиард евродан ошмоқда.

Фото: m.d1ev.com / BMW музейи

BMW дунё автомобил саноатида ўз ўрнига эга бўлгач бир қатор компанияларни сотиб олди. Жумладан, 1994 йилда Буюк Британиянинг Rover Group компаниясини, 1998 йилда инглизларнинг яна бир машҳур компанияси – Rolls-Royce Motors’ни харид қилди.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.

Мавзу:

#BMW