Манба: «Ўзавтосаноат» автомобиль ишлаб чиқариш бўйича Hyundai билан музокаралар олиб бормоқда

Манба: «Ўзавтосаноат» автомобиль ишлаб чиқариш бўйича Hyundai билан музокаралар олиб бормоқда

«Ўзавтосаноат» акциядорлик компанияси ва Жанубий Кореянинг Hyundai автомобилсозлик ширкати Ўзбекистонда енгил автомобиллар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш борасида музокаралар олиб бормоқда. Бу ҳақда, 12news.uz хабарига кўра, «Ўзавтосаноат»даги манбаларга асосланиб Uzbekistan Today хабар тарқатган.

«Музокаралар ҳозир айнан қайси босқичда эканлигини айта олмайман. Музокаралар жараёни жуда мураккаб. Очиғини айтганда, ташқи бозорларда Ўзбекистон учун мураккаб вазият юзага келмоқда, шу сабабли ҳам чоралар кўрмоқдамиз», — деди Uzbekistan Today суҳбатдоши.

Манбанинг сўзларига кўра, бу ҳар икки томоннинг келишувга эришиш борасидаги илк ҳаракати эмас, «дастлабки музокаралар боши берк кўчага кириб қолганди».

Uzbekistan Today’нинг ёзишича, «Ўзавтосаноат» ташқи бозорлардаги салбий тенденцияларни бартараф этиш мақсадида, Россия бозорида талабгир бўлган Hyundai ва Kia автомобилларини ишлаб чиқаришга уриниб кўриши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, GM Uzbekistan автомобилларининг Россиядаги савдоси 2015 йил январь—июль ойларида 55,2 фоизга қисқарди. Компания йил бошидан бери Россияда 12 минг 29 дона машина сотди ва мазкур мамлакат автомобиль бозоридаги улуши 1,9 фоиздан 1,3 фоизгача қисқарди.

PS. Uzbekistan Today’даги хабар кейинчалик ўчириб ташланган, бироқ уни Google кэшидан топиш мумкин.

Сайтимиз хабарларини Одноклассникидаги саҳифамизда кузатиб боринг!

Аравакаш Жимми

Жимми — ҳинд фильмлари ихлосманди. Араваларга эса ҳинд фильмларидан ҳам кўпроқ қизиқади. Айниқса, электр токида ҳаракатланувчи ва ўзиюрар машиналар ҳақида ўқиш ва ёзиш — Жиммининг жону дили! Ўзи мутолаа қилган хабар-мақолаларнинг энг сараларини сизга ҳам илинади.