Mercedes-Benz W123 русуми 40 ёшга тўлди

Mercedes-Benz W123 русуми 40 ёшга тўлди

Шу кунларда W123 туркумдаги Mercedes-Benz автомобилининг ишлаб чиқарилганига роппа-роса 40 йил тўлди. Ушбу русум Mercedes тарихида энг машҳурларидан биридир.

Mercedes-Benz W123 седани 1976 йилнинг 29 январида расман намойиш этилган. У “Е-класс” давомчиси саналади. Кейинчалик русум сафига универсал кузовли, купе ҳамда узайтирилиб 7-8 йўловчига мўлжалланган седан ҳам қўшилди.

Автомобилни яратишда инженерлар хавфсизлик таъминотига асосий эътиборни қаратишган. Шунинг учун ёнилғи баки орқа ўқ устига жойланган, мақсад: орқадан берилган зарба ёнғин келтириб чиқармасин. 1980 йилда АБС опцияси, 1982 йилдан эса хавфсизлик ёстиқчалари қўшилган.

Mercedes-Benz W123 нархи баландлигига қарамасдан, фавқулодда бозори чаққонлашиб кетган. Харидорлар машина учун навбатда туришар, олибсотарлар эса қиммат нархда навбатсиз олишни таклиф этишарди.

Автомобилга 4 ва 6 цилиндрли бензинли мотор ўрнатилган. Ундан ташқари турли ҳажмдаги атмосферали дизель вериялари ҳам бор. 1980 йилда уч литрли турбодизель ўрнатилган тури ишлаб чиқарилди.

Седан 1985 йилгача, универсал эса 1986 йилгача ишлаб чиқарилган. Жами 2,7 млн нусха тайёрланган. Русумнинг давомчиси Mercedes-Benz W124 бўлди.

Бу Мерседесни ўзбекистонликлар ҳам яхши танишади. Германияда мазкур русумнинг яхши сақлангани 8-9 минг евро туради.

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"