“Ўзавтотранс”: Ўз машинангизда такси қила оласиз, фақат...

“Ўзавтотранс”: Ўз машинангизда такси қила оласиз, фақат...

Катта йўл ёқасида пашша қўриш учун қўл силтаганингиз заҳоти такси пайдо бўлади. Бироқ ҳар ерда ҳозиру нозир киракашларнинг аксарияти ноқонуний фаолият билан шуғулланмоқда, йўл-транспорт ҳодисаларини келтириб чиқармоқда.

Мамлакатимиз қонунчилиги лицензияси бўлган юридик шахсларга йўловчи ташиш билан шуғулланишига рухсат беради. Хўш, ўз машинасида кира қилиб пул ишламоқчи бўлганлар қандай йўл тутади? Sputnik сайти бу саволга жавоб топиш учун Ўзбек автомобиль транспорт агентлиги раҳбари ўринбосари Шоолим Шоваҳобовга мурожаат қилди.

Шоваҳобовнинг айтишича, Ўзбекистонда жисмоний шахслар ҳам ўз машинасида кира қила олади.

“Ўз автомобилида такси қилмоқчи бўлганлар ушбу фаолиятни амалга оширишга лицензияси бўлган юридик шахс билан меҳнат шартномаси тузиши лозим. Сўнгра ўз автосини нотариал тарзда расмийлаштиради, яъни уни юридик шахсга бериб, ТТ серияли махсус рақам олади. Натижада автомобиль эгаси ёлланма ходимдек қабул қилинади ва меҳнат дафтарчаси олади”, деди Шоваҳобов.

Агентлик раҳбари бундай ҳайдовчилар бир қатор талабларга жавоб бериши кераклигини қўшиб қўйди. Улар камида уч йил машина бошқарган бўлиши, ёши эса 21дан кам бўлмаслиги лозим.

Шоваҳобов Ўзбек автомобиль транспорти агентлиги ҳозир жисмоний шахсларга йўловчи ташиш ҳуқуқини бериш имкониятларини кўриб чиқмаётганини билдирди. Чунки бундай ҳолатда йўловчи ташиш сифати ва хавфсизлигини назорат қилиш мураккаблашади.

“Бу ерда энг муҳими – хавфсизлик. Йўловчи ташиётган жисмоний шахснинг соғломлиги, ҳайдовчи ичмаганлигини ким кафолатлайди? Такси компаниялари учун эса қатъий талаблар бор – линияга чиқишдан олдин уларнинг ҳайдовчилари тиббий кўрикдан, автомобиллар техник кўрикдан ўтади. Бундан ташқари такси зарурий талабларга мувофиқ жиҳозланади, йўл варақаси бўлади”, деди у.

Эслатиб ўтамиз: охирги икки ой ичида Ўзбекистонда ноқонуний такси ҳайдовчиларига 3 млрд сўмдан ортиқ жарима солинди.

Carzone.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"