Ўзбекистон ва Тожикистоннинг учта шаҳри ўртасида халқаро автобус йўналишлари очилди

Ўзбекистон ва Тожикистоннинг учта шаҳри ўртасида халқаро автобус йўналишлари очилди

Ўзбек ва тожик халқларини азалдан яқин қўшничилик ва қариндошлик ришталари бир-бири билан боғлаб туради. Зеро, икки халқнинг тарихи умумий ва қадриятлари бир-бири билан чамбарчас боғлиқдир. Ўзаро ҳурмат анъаналари икки давлат ўртасидаги муносабатларда мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилмоқда.    

9 сентябр куни  Тожикистонда давлат мустақиллигининг 27 йиллиги кенг нишонланади. Ушбу тантанали сана муносабати билан икки давлат халқларига қулайлик яратиш мақсадида бугун, 8 cентябрь “Термиз-Душанбе”, “Денов-Душанбе”, “Самарқанд-Пaнджикент”  йўналишида халқаро автобуслар қатнови йўлга қўйилди. Бу ҳақда автомобиль транспорти агентлиги матбуот хизмати хабар қилди.

“Термиз- Душанбе” халқаро автобус йўналишининг масофаси 251 км бўлиб, қатновга сарфланадиган умумий вақт 5 соату 39 дақиқани ташкил этади. Йўлкира ҳақи ташувчилар томонидан Термиздан Душанбегача-70 минг сўм. Душанбедан-Термизгача эса 70 сомони қилиб белгиланди.

Йўналиш масофаси 107 км бўлган “Денов-Душанбе” халқаро автобус йўналишида йўловчилар 2 соат 25 дақиқада ўз манзилига етказилади. Йўлкира ҳақи ташувчилар томонидан Деновдан Душанбегача 40 минг сўм. Душанбедан Деновгача эса 40 сомони этиб белгиланди.

“Самарқанд- Панджикент” халқаро автобус йўналишининг масофаси 64 км. Қатновга сарфланадиган умумий вақт 1 соату 25 дақиқа бўлиб, йўлкира ҳақи ташувчилар томонидан Самарқанддан Пенджикентгача 20 минг сўм. Пенджикентдан Самарқандгача эса 20 сомони қилиб белгиланди.

Икки давлат ўртасида автобус қатновлари сонининг ортиб бораётгани ўзаро алоқаларни икки қардош халқ манфаатларидан келиб чиқиб, сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш йўлида олиб борилаётгани ишларнинг амалий ифодаси дейиш мумкин.

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.