Ўзбекистонлик йигит АҚШда ўзиюрар машиналар соҳасида стартап асосчиларидан бири бўлди

Ўзбекистонлик йигит АҚШда ўзиюрар машиналар соҳасида стартап асосчиларидан бири бўлди

Pittsburgh Inno Koop Technologies’ни 2022 йилда эътибор беришга арзийдиган стартап деб баҳолади. Лойиҳа асосчиларидан бири ўзбекистонлик Камрон Хўжаевдир.

Ҳаммаси бир неча йил аввал Брэдфорддаги Питтсбург университетида (UPB) тошкентлик Камрон Хўжаев ва чендулик (Хитой) Жим Дуаннинг учрашувидан бошланди. Иккала ёш йигит АҚШга юқори сифатли олий таълим муассасасини излаб келишган эди.

Улар менинг энг яхши ўқувчиларимдан эди. Уларнинг молияга оид маълумотларни тушуна олиши ва изоҳ бериши, бизнес бошқарувидаги қобилиятлари ўта юқори эди— дейди Жон Кроуфорд, UPB университети молия кафедраси доценти. 

Кроуфорд Дуанни ўзининг ўткир зеҳни, чуқур ва аниқ таҳлил қила олиши билан ажралиб туришини таъкидлайди. Хўжаев ҳам ўта зийрак, олғир, табиатан етакчилик қобилиятига эга бўлган, кампуснинг талабалар инвестицион клубини очишга ёрдам бериб, унинг президентига айланган талаба эди. 

Хўжаев ва Дуан яна иккита иқтидорли талаба билан танишишган – Сергей Литвиненко ва Заг Газизовлар (иккаласи ҳам россиялик). Ўқишни тамомлагач, тўртала йигит ҳам ўз йўлларидан кетишди, бироқ уларнинг бир-бирини тўлдирувчи қобилиятлари, ишбилармонлик тажрибаси ва тадбиркор бўлиш истаги ўз стартапини бошлаш ҳақида ўйлашга ундади.

Шундай қилиб, 2020 йили Koop Technologies пайдо бўлди. У суғурта соҳасида ўсиб бораётган ўзиюрар машиналар саноатига хизмат кўрсатувчи Америка стартапидир. 

Анъанавий суғурта хизмати инсон хавф-хатарларини баҳолай олади, аммо ўзиюрар автомобиллар инсон каби ҳаракатланмаслиги сабабли бошқа хавфлар юзага келиши, уларни баҳолаш учун эса янги андеррайтинг моделлар керак бўлади. 

Koop Technologies айнан мана шундай моделларни яратиш билан шуғулланади. Компания платформаси автоном машиналарга маълумотлар билан алмашишга имкон беради ва улар асосида суғурта қопланмасига эга бўлишга хизмат қилади. 

Бундан ташқари, мазкур стартап суғурта компанияларига ўз маҳсулотларини ўзиюрар автомобиллар мижозларига мослаштиришда ёрдам бериш учун маълумотлар билан бўлишади.

Автоном машиналар келажак ҳодисасига ўхшаб кўриниши мумкин, аммо улар реалликка яқинроқдир. Етказиб берувчи автоном роботлар ва ўзиюрар робот таксилар кўплаб шаҳарларда аллақачон мавжуд, пандемия сабаб ишчи кучининг юқори даражада етишмаслиги ушбу ҳудудларга сармоя киритишни тезлаштирди, –  дейди Дуан. 

Хўжаев бу фикрга қўшилиб, ушбу соҳанинг келажаги буюклигини таъкидламоқда. 

Koop Technologies қисқа вақт ичида эътиборга тушди ва 2021 йилнинг ўрталарида Кремний водийсининг венчур компанияларидан 2,5 млн долларлик инвестицияларни жалб қила олди.

Компания булар бор-йўғи бошланиши эканлиги билдирмоқда. Стартапнинг ўз олдига қўйган мақсади ҳайдовчисиз автомобилларни тижоратлаштириш ва уни кенг тарғиб қилишдан иборат. 

Хўжаев ва Дуаннинг устози Жон Кроуфорд талабалари фонд бошқарувидаги ўз карьерасини давом эттиради деб ўйлаган бўлса-да, уларнинг ўз бизнесини бошлашганидан ажабланмади. 

Уларнинг ҳамкорликда ишлаши катта аҳамиятга эга.  Кучли етакчилик ва таҳлилчилик қобилиятларнинг бирлашуви ғалаба калитидир, — дейди у. 

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.