Рулсиз ва тепкисиз автомобиль қачон ишлаб чиқарилади?

Рулсиз ва тепкисиз автомобиль қачон ишлаб чиқарилади?

Райдшеринг хизматида фойдаланиладиган автомобилни 2021 йилда кўришимиз мумкин. Бу ҳақда компаниянинг ўзи расмий хабар тарқатди.

“Келгуси ўн йилликда  автомобиллар автоматлашади ва биз унинг аҳамиятини 100 йил илгари жамият тараққиётига Генри Форднинг конвейери кўрсатган таъсирчалик деб ҳисоблаймиз”, деди CEO Ford етакчиси Марк Филдс.

Компания янги автомобиль SAE автомобиль инженерлари таснифи бўйича 4-категорияга мансублигини билдирди. Бу эса машинанинг на рули, на газ ва тормоз тепкилари борлигини англатади. Уни бошқариш учун ҳайдовчининг кераги йўқ.

Бу режани амалга ошириш учун фордчилар тўрт стартап билан ҳамкорлик қилади. Velodyne компанияси “Форд”га LiDAR сенсорларидан ёрдам беради. Исроилнинг SAIPS компанияси “Форд” автоном автомобилларини атроф-муҳитга мослашишга ўргатиш дастури устида ишлайди. Nirenberg Neuroscience фирмаси машинага “ўткир компьютер кўз” ато этади ва у ёрдамида навигация, объектларни таниш амалга оширилади. Civil Maps компанияси эса юқори аниқликдаги 3D хариталар билан таъминлайди.

Эслатиб ўтамиз: 2013 йилдан бери “Форд” Fusion седани асосида ҳайдовчисиз технологияни синаб келмоқда. Бу йили компания автоном седанлар сонини 30га етказди, 2017 йилда эса уч ҳисса кўпайтирмоқчи.

Carzone.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"