Тўғри тормоз беринг

Тўғри тормоз беринг

Ҳайдовчининг тўғри тормоз бериш маҳорати, нафақат, ўзига ишончни орттиради, балки кимнингдир ҳаётини сақлаб қолиши мумкин. Бир қарашда, газ тепкисидан оёқни узиб тормозни босишдан осони йўқдек. Аммо машинани тўхтатолмаслик орқасидан содир этилган автоҳалокатлар тез-тез қулоғимизга чалиниб туради. “Светофордаги машинага орқасидан урибди”, “йўлдан чиқиб кетибди”, “бировни босиб кетибди”  ва ҳоказо.

Механик узатмалар қутиси бўлган автомобиль эгалари светофорга яқинлашганда секинлашиш учун уловчи механизмни (сцепление) узиши шарт эмас. Тўғри, машина дарҳол эмас, асталик билан тўхтайди, аммо тормоз колодкалари, дисклар ва бакдаги ёнилғини бу асраб қолади. Айниқса, ҳар қадамда светофор учрайдиган зич шаҳарда секин тўхташга ўрганиш лозим. Автомат қутида эса бундай манёвр кетмайди.

Умуман олганда, тормозланиш механизмида тезликни пасайтириб бориб тўхтатиш кўзда тутилган. Кескин тормоз бериш орқадаги машинага ҳам хавф солади.

Тормозланиш масофаси ҳақида барча назарий маълумотга эга. Аммо шахсий тажриба ва назария бошқа-бошқадир. Ҳайдовчи ўз тормозланиш масофасини ўлчаш учун турлича йўл қопламаларида (асфальт, тупроқ, тош йўл) шошилинч ва аста тормоз бериб кўриши тавсия этилади.

Қонунчиликда ўртача тормозланиш масофаси ҳисобланган: 60 км/соат тезликдаги автомобилнинг тормозланиш масофаси ўртача 35-36 метр. Аммо тез ҳайдашни севадиганлар, 120 км/соат тезликда ҳайдасак, бу масофа 70 метр бўлади, деб ўйламасин. Тезлик 120 км/соат бўлганда, тормозланиш масофаси икки баробар эмас, тўрт баробар ортади – 140 метр.

Кўпчилик ҳайдовчилар тормозланиш йўлини эмас, вақтини билади.

Шунингдек, ҳайдовчида бурилишдан олдин тормозланиш малакаси бўлиши лозим, айрим ҳолларда олд ёки орқа ғилдираклар қулфланиб қолиш хавфи мавжуд. Унда автомобиль қарама-қарши йўлга ўтиб қолиши мумкин. Бурилишда ҳам секин тормозланишни тавсия этамиз.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"