Учар саройлар ёки президентлар самолёти

Учар саройлар ёки президентлар самолёти

Ҳар гал аэропортда навбат кутар экансан ўз шахсий самолётинг бўлиши ҳақида беихтиёр хаёл сурасан, киши. Самолёт кимда бўлади? Миллиардерлар, араб шайхлари, таниқли юлдузлар ва албатта, давлат бошлиқларида. Агар президентлар самолётининг салонига саёҳат қилишни истасангиз, carzone.uzнинг навбатдаги мақоласи сиз учун.

Самолёт оддий одам учун транспорт воситаси саналса, президентлар учун кабинет, уй, бомбапаноҳ, борингки, шифохона вазифасини ҳам ўтайди.

Дэвид Кэмерон самолёти: камтарга камол

Буюк Британиянинг бош вазири хизмат парвозлари учун хос самолётга яқиндагина етишди. Бунинг учун Airbus A330 борти янгитдан жиҳозланди. Энди унга ҳаводаёқ ёнилғи тўлдириш мумкин.

Airbus A330 асосидаги Voyager

Самолётда бош вазирдан ташқари қирол оиласи аъзолари ҳам учиши мумкин. Самолёт 10 млн фунт стерлингга тушди, бу 14 млн долларга яқин деганидир. Ҳукумат хос самолёт ҳар йили 700 минг фунтни тежашга ёрдам беради, дея уқтирмоқда.

Бош вазир эса самолёт қаттиқ тежамкорлик билан жиҳозланганлигига ишонтирмоқда. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари самолётга “Биринчи рақамли борт”, “Таркидунёчилар борти” деб номлашни таклиф қилди.

Самолётнинг олд қисмида икки креслоли VIP секция бор. Осуда учиш учун дарпардалар билан бўлмани ёпиб қўйса бўлади.

Марказий қисмида катта делегациялар учун 58 ўрин ажратилган.

Орқада эса юзга яқин эконом-класс ўриндиқлари бўлиб, унда журналистлар ўтиради ва Кэмероннинг сафарларини ёритиб боради.

Бунгача ҳукумат хизмат учишларида чартер компаниялар самолётини ижарага олган.

Дэвид Кэмерон кўп марта лоукостер (жойни олдиндан банд қилиш, кўнгилочар видеопанел каби айрим хизматларни кўрсатмаслиги сабабли нархи пастроқ авиаташувчи) хизматидан фойдаланган.

2015 йилнинг ёзида Кэмерон хос соқчилари билан бирга аёли ва фарзандлари билан Португалияда дам олиш учун самолётнинг эконом-классида учган.

16 яшар қизнинг селфисига Кэмерон тасодифан тушиб қолган. Бош вазир бу вақтда қалампирли чипсларни иштаҳа билан тушираётган эди.

Кэмерон лавозимини Тереза Мэйга топширгунга қадар бир йил давомида хос самолётидаги пардани тушириб қўйиб, чипсларни маза қилиб ошалаган бўлса керак :).

Барак Обама самолёти: қиёмат қўпганда ҳам…

“Биринчи рақамли борт” (“Air Force One”) истилоҳи АҚШнинг 34-президенти Эйзенхауэр маъмурияти даврида қўллана бошланган. Кейинчалик бу атамани бошқа мамлакатлар ҳам ишлатишга киришган.

Президентнинг Boeing VC-25 самолёти 1990 йилда ишлаб чиқарилган Boeing 747 лайнерининг ҳарбий модификациясидир. Нархи 325 млн доллар туради. Одатга кўра президент рейсига автомобиллар кортежи ва бошқа жиҳозларни ташувчи самолёт ҳамроҳлик қилади.

Барак Обама “Биринчи рақамли борт”да юришга мушарраф бўлган тўртинчи президентдир.

Самолёт интерьерини собиқ президент Роналд Рейганнинг хотини Нэнси Рейган жануби-ғарбий штатлар услубида жиҳозлаган. Бундан ташқари бортда электромагнит импулсдан ҳимоя тизими ўрнатилган.

Самолётни тайёрлаш лойиҳаси жуда узоқ вақтни олган.

Президентнинг жойи самолётнинг ўртасида. Унинг бўлмаси икки диванли ётоқ, ҳожатхона, душ ва шахсий кабинетни ўз ичига олади. Журналистлар ўриндиғи самолётнинг дум қисмида бўлиб, биринчи класс тоифасига мансубдир.

Иккита ошхонада биратўла юз кишига етарли таом тайёрлаш мумкин. VC-25 бортида ҳамиша операция столи, зарурий дори-дармонлар ва албатта, шифокорлар мавжуд.

Салон меҳмонлар, катта хизматчи персонал, махфий хизмат, қўриқчилар ва ОАВ вакиллари учун алоҳида ажратилган.

VC-25 ер юзасидаги барча бошқариш пунктлари йўқ қилинганда ҳам улар ўрнини босади ҳамда президент, мудофаа вазири ва бошқа қўмондонларнинг бош штаби вазифасини ўтайди.

Самолёт тўла ёнилғи билан экваторнинг учдан бирига тенг масофани босиб ўтишга қодир. Бу Вашингтондан Ер юзининг исталган нуқтасига бориш имкониятидир.

Владимир Путинда нақ олтита самолёт

РФнинг мансабдор шахслари парвозини “Россия” Махсус учиш отряди таъминлайди. Ҳозирги кунда Россия президенти ва бош вазирларига хизмат кўрсатувчи олти самолёт бор. 2018 йилда уларнинг сони иккитага ошади.

1996 йилда президентнинг асосий самолёти Ил-96нинг модификацияланган нусхаси Ил-96-300ПУ эди. Қисқартманинг охиридаги ПУ ҳарфлари “Пункт управление” (Бошқарув пульти) маъносини англатади. Ядро уруши содир бўлганда қуролли кучларни самолётдан туриб бошқариш мумкин.

Дастлаб унда РФ президенти Борис Елцин учган. Шунингдек, В. Путин ҳам бир муддат фойдаланган.

1996 йилдаги Ил-96-300ПУ

vp278039035

vp438938632

Владимир Путиннинг янги самолёти 2003 йилда ясалган. Бортда уч бар, икки каравотли дам олиш хонаси ҳамда 10 кв.мли иш кабинети бор.

2010 йилда президент Дмитрий Медведев авиапаркини яна 2та Ил-96-300ПУ самолётига кўпайириш режасини билдирди. Бироқ унинг президентлик муддати тугагач, 2012 ва 2014 йилларда самолётлар фойдаланишга топширилди.

2013 йилнинг 25 апрелида авиапаркка Ил-96-300ПУ ва йирик делегацияларни олиб юриш учун Ил-96-300 қўшилди. 2018 йилнинг охиригача яна икки дона Ил-96-300ПУ қўшилади. Ҳар бир лайнер баҳоси 5 млрд рубл атрофидадир.

Оддий самолётлардан бу лайнерлар қимматбаҳо жиҳоз ва безаклари, зарурат туғилганда махфий музокаралар ўтказиш имконини берувчи алоқа аппаратлари билан ажралиб туради. Қолаверса, эҳтиёж юзага келса, мамлакатнинг ядро кучларини бортдан туриб бошқарса бўлади.

Президентнинг янги самолётларидан бирининг интерьери

Ил-96-300ПУнинг 2013 йилдаги кўриниши мана шундай эди

Фотосуратда Владимир Путин Узоқ Шарқдаги тошқин оқибатларини бартараф этишда ҳалок бўлган кичик сержант Баир Банзаракцаевнинг оиласи билан президент самолёти салонида. РИА Новости фотоси.

 

Фотосуратда Владимир Путин Узоқ Шарқдаги тошқин оқибатларини бартараф этишда ҳалок бўлган кичик сержант Баир Банзаракцаевнинг оиласи билан президент самолёти салонида. РИА Новости фотоси.

Франсуа Олланднинг самолёти бегона аёл номида

2010 йилнинг ноябрида француз президенти флоти Airbus A330-200 самолётини қабул қилди. Бунга 176 млн евро сарфланди.

Бортда дам олиш хонаси, каравот, гардероб, санузел, офис, ошхона, музокара олиб бориладиган товуш ўтказмас хона, шифрланган махфий хабарларни жўнатувчи ускуналар, тиббий амалиёт хонаси, журналистлар ва бизнес-экспертлар учун ажратилган жойлар мавжуд.

Бундан ташқари, гаровдан қутқарилган одамларни, жумладан, ярадорларни ташиш шароити ҳам аввалдан кўзда тутилган.

2002 йилан 2010 йилгача Airbus A319 президентнинг асосий самолёти бўлиб хизмат қилган. 2009 йилнинг 25 мартида президент Николя Саркози тўрт вазир билан Африкага учаётиб, самолёт двигатели бузилганлиги сабабли бир соат кутишига тўғри келган.

2002-2010 йиллардаги Франциянинг муҳташам самолёти Airbus А319.

2002-2010 йиллардаги Франциянинг муҳташам самолёти Airbus А319.

Бу воқеадан кўп ўтмай президентнинг самолёти алмаштирилди.

Эски самолётлар эса сотувга қўйилди. Биринчисини Сенегал ҳукумати 32 млн еврога сотиб олди, иккинчиси эса Сингапурнинг Genting Singapore PLC компаниясига кетди.

Франциянинг президент флоти таркибида иккита Falcon 7Х самолёти ҳам бор. Уларда узоқ ва яқин масофаларга учиш мумкин. Самолёт 16 йўловчини сиғдиради. “Фалкон”нинг афзаллиги учиш йўлаги қисқа бўлганда иш беришидадир.

Николя Саркозининг президентлик даврида Falcon 7Х самолётларидан бири унинг рафиқаси Карла Бруни номига “Карла биринчи” деб аталган.

Falcon 7X самолётининг интерьери

Falcon 7X самолётининг интерьери

Ангела Меркелнинг “ўйинчоқ” самолёти

2011 йилга қадар Германия раҳбарияти хизмат юзасидан парвозларда ГДРдан қолган Airbus A310дан фойдаланар эди.

2011 йилнинг 30 мартида Lufthansa авиакомпанияси канцлер маҳкамасига 10 йил йўловчи ташиган Airbus A340 лайнерини тақдим қилди. Шундан бери лайнер канцлер ва ҳукуматнинг асосий самолёти бўлиб қолди. Самолётга ГФРнинг биринчи канцлери Конрад Аденауэр номи берилди ҳамда ҳукумат эҳтиёжига мослаб қайтадан жиҳозланди. Германиянинг асосий самолёти 143 йўловчини сиғдиради. Эътиборлиси шундаки, Барак Обаманинг Boeing 747 самолёти билан ўлчами деярли тенг бўлса-да, ундан икки баробар кўп одам олади.

Гарчи сарлавҳада “ўйинчоқ” деб таъриф берганмизга қарамасдан лайнерда давлат раҳбари учун барча шароит муҳайё: ётоқ, душхона, иш кабинети, 12 кишилик конференц зал, махфий суҳбатлар учун товуш ўтказмас хона. Ҳамроҳ делегациялар учун 116 ўрин ажратилган.

Самолётда имконияти чекланган, касал ва ярадор одамларни ҳам ташиш ҳисобга олинган.

Хавфсизлик тизимида “ўзимники-бегона” функцияси ва ракетадан ҳимоя бор.

Лайнер тўла бак билан 13500 км уча олади. Канцлер Берлиндан Пекинга, Вашингтон ва ҳатто, Рио-Де-Жанейрогача бориши мумкин.

“Конрад Аденауэр”дан сўнг ҳукумат шунга ўхшаш яна бир самолёт олди. У Германиянинг президенти Теодор Хойс номи билан аталган.

Канцлер ва ҳукумат аъзолари мамлакат ичида учиши учун иккита Airbus 319 хизматга шай. Ҳар бири 44 нафардан йўловчини сиғдиради.

Яқин масофага эса Канаданинг Bombardier фирмаси ишлаб чиқарган Global 5000 кичик лайнерида учишади. Лайнерча 13 йўловчини сиғдиради. Тўхтамасдан 8900 км уча олади.

Bombardier Global 5000 самолётининг салони

Bombardier Global 5000 самолётининг салони

Самолётнинг миттилиги қизиқ ҳодисага сабаб бўлган. 2016 йилнинг июнида интернет тармоғида Меркелнинг Bombardier Global 5000, Олланднинг Falcon 7X ҳамда Британиянинг Iron Maiden рок гуруҳига қарашли Boeing 747-400 самолётларининг аэропортдаги расми тарқалди. Ҳайбатли “Боинг” олдида Меркел ва Олланднинг самолётлари худди ўйинчоққа ўхшарди.

Швейцарияга Iron Maiden гуруҳи концерт қўйгани, Меркел ва Олланд эса темир йўл тоннелининг очилишида қатнашгани келганди. “Ҳурматли йўловчилар, парвозимиз кечиктирилади, чунки Ангела Меркелнинг самолёти двигателларимиздан бирига тиқилиб қолди”, деб қочирим қилади тармоқ аъзоларидан бири.

Дарвоқе, сизни қизиқтираётган Ўзбекистон Президентининг самолёти тўғрисида маълумот жуда ҳам оз.

anews.com сайти асосида тайёрланди

Carzone.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"