UzAuto Motors 2022 йилнинг ёзидан янгича Tracker ишлаб чиқаради

UzAuto Motors 2022 йилнинг ёзидан янгича Tracker ишлаб чиқаради

UzAuto Motors базасида Tracker автомобилларини оммавий равишда ишлаб чиқариш 2022 йилнинг ёз фасли ўрталарига режалаштирилмоқда.

Олдинроқ Асакадаги автозаводда мазкур машинанинг биринчи тест версияси ишлаб чиқарилган. «Ҳозирда конвеерни созлаш ва автомобилларни тестдан ўтказиш жараёнлари кетмоқда», — дейилади компания хабарида.

Маълум қилинишича, Tracker автомобили модели Global Emerging Markets (GEM) ягона бюджет платформада кичик узелли йиғиш усули орқали ишлаб чиқарилади. Маҳаллийлаштириш даражаси камида 50 фоиз бўлиши кутилмоқда. «Аммо биз ушбу кўрсаткични ошириб борамиз», — дейди компаниядагилар.


Ишлаб чиқариш ҳажми йилига камида 80 минг автомобилни ташкил этади. Ҳозирча маҳаллий ишлаб чиқарилган автомобиллар нархи тайёр ҳолда импорт қилинадиган Tracker моделидан қанчалик фарқ қилиши номаълум.

«Тажрибадан маълумки, автомобилнинг ҳақиқий нархи ҳақида фақатгина таннархи аниқ бўлгач, гапириш мумкин. Сўнгги йилларда бунга логистика ва импорт қилинадиган микрочипларни ишлаб чиқариш билан боғлиқ вазият катта таъсир кўрсатмоқда», — дейилади компания хабарида.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.