“UzAuto Motors” 3 кундан кейин контрактацияни очадими?

“UzAuto Motors” 3 кундан кейин контрактацияни очадими?

"Пешонамизга ёпиштирилган монополистимиз 40 кун аввал логистика билан боғлиқ муаммолар ва яримўтказгичлар етишмовчилигини рўкач қилиб, автомобиль сотиб олиш учун буюртма олишни тўхтатган эди.

Ўтган кунларда нимадир ўзгардими,  логистика муаммоси ечилиб қолдими ё яримўтказгичлар ортилган махсус  вагонлар етиб келдими, билмайман. Лекин 1 февралда контрактация очилиши борасида ҳали бир гап йўқ. Қўшимчасига монополист яна авжига чиқа бошлади, аввалги контрактациялар бўйича автомагнитола ўрнатмасдан автомобиль етказиб беришини маълум қилди.

Қизиқ тарафи, интеграл схемалар ва логистика муаммоси монополистнинг экспорт бозорлари учун автомобиль етказиб беришни 30 фоизга оширишига тўсқинлик қилмади. Кунора монополист ё Украинада ё Қозоғистонда харидорлар унинг автоларини танлагани билан мақтанишни канда қилмайди. Лекин унинг ўзбек истеъмолчиларига чайса қилиб тупуриб, тикка туриб чоптириб қўйгани бор.

Яна бир қизиқ тарафи, нўноқ ишлаб чиқарувчидан бож тўламасдан олиб-сотар чайқовчига айланган компания импорт қилиб олиб келаётган машиналари, гарчи уларнинг интеграл схемалари масалан Ластеттидан каррасига мураккаброқ ва  замонавийроқ бўлишига қарамай, 6-12 ойга чўзиладиган микрочип муаммоларига дуч келгани йўқ. Демак, гап аслида микрочипда ҳам эмас, иқтисодий нўноқлик ва самарасизликда.

Логистика муаммоси иштонбоғ эмас, ўзидан ўзи ечилиши учун. Микрочип осмондан оғизга тушмайди. Бунинг учун ҳаракат керак. “UzAuto Motors” эса ҳаракат қилишниям, камёблашган интеграл схемаларни қидириб топиб келтиришниям истамайди. Унга шуниси, етишмовчилик, дефицит бўлиши қулай.

Хуллас, микрочиплар ва логистика муаммосини худонинг ўзи етказди уларга. Агар бу бўлмаганда бошқа муаммони ўйлаб топишга тўғри келарди.

Суратда сизнинг эмас, украин полицияси учун ишлаб чиқарилган кобальтлар. Чиплариям, схемалариям жойида."

МАНБА

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!

Мавзу:

#блог