UzAuto Motors Nexia, Spark, Cobalt ва Lacetti сотиш бўйича шартномаларни ваъда қилган муддатида тикламади

UzAuto Motors Nexia, Spark, Cobalt ва Lacetti сотиш бўйича шартномаларни ваъда қилган муддатида тикламади

2021 йилнинг 20 декабрь куни UzAuto Motors компанияси 2022 йилнинг февралигача Nexia, Spark, Cobalt ва Lacetti автомобилларини сотиш бўйича янги аризалар қабул қилишни тўхтатган эди. Айтилган муддат, яъни 1 февраль келган бўлса-да, UzAuto Motors шартнома тузиш муддати тиклангани ёки узайтирилгани ҳақида ўз сайтида расмий хабар бермади.

Ҳолат юзасидан Daryo.uz нашри UzAuto Motors компанияси ахборот хизмати раҳбари Алексей Агуреевдан изоҳ олиш мақсадида боғланган.

«Менда бу бўйича аниқ маълумот йўқ. Хабар беришларини кутяпман», — деган у. Алексей Агуреев «Дарё» мухбири билан суҳбат давомида раҳбарият томонидан расмий ахборот берилса, қайта алоқага чиқишини айтган. Афсуски, мулоқотдан 1 кун вақт ўтиб ҳам расмий вакил қайта алоқага чиқмаган ва такрор қилинган қўнғироқларга жавоб бермаган.

«Ўзавтосаноат» компанияси ахборот хизмати раҳбари Зумрад Шожалилова ҳам «Дарё» мухбирига берган изоҳида унда ҳеч қандай маълумот йўқлиги, агар янгилик бўлса, расмий ахборот берилишини айтиш билан чекланган.

Daryo.uz ҳолатга янада ойдинлик киритиш мақсадида Тошкент шаҳридаги автосалон ходими билан боғланди. Унинг айтишича, кўрсатилган автомобиллар учун шартнома тузиш қайта тикланмаган.

«Қачон қайта тикланиши бўйича бизга хабар келгани йўқ. Фақатгина Damas, Malibu, Labo, Trailblazer ҳамда Equinox учунгина шартнома тузиш мумкин», — деди автосалон ходими.

2021 йилнинг 20 декабрь куни UzAuto Motors «вақтинчалик янги автомобилга буюртма бера олмаган потенциал харидорларидан чин дилдан узр сўраган» эди.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.

Мавзу:

#GM